Америкаликлар Ўзбекистонга қовун сайлига келишмоқчи

    66494_496361520402475_2088370364_n

    Барчамизга маълумки кейинги йиллар ичида Ўзбекистоннинг дунё мамлакатларидаги ўрни, мавқэи юксалиб, ривожланиб бормоқда. Бунинг замирида эса албатта ватандошларимизнинг кўпгина хизматлари, тинимсиз меҳнатлари ҳамда самарали ижодлари муҳим омилдир. Ушбу борада, айнан АҚШнинг Нью-Йорк штатидаги ютдошларимиз эса аллақачон кўтаринки кайфият билан янги 2013  йилни янги муваффақиятлар билан бошлаб олишди. Яқиндагина Нью-Йорк шаҳрида The New York Times ҳамда дунё сайёҳлик компаниялари томонидан ташкил этилган “Халқаро Сайёҳлик кўргазма шоу”си бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 160 га яқин давлатларидан сайёҳлик компаниялари иштирок этишди. Кўргазманинг ассосий мақсади дунё туризм салоҳиятини ривожлантириш бўлса-да, у шунинг билан бирга, ҳар бир миллатнинг урф-одатлари, ноз-неъматлари ҳамда бошқа миллатларда учрамайдиган ноёб одатларини бутун дунёга намойиш этишда жуда катта ҳисса қўшди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

    424298_564032673624403_1439912527_n

    Ушбу мамлакатлар қаторидан Ўзбекистон ҳам ўрин олган бўлиб, уни Зуля Ражабова бошчилигидаги “Silk Road Treasure Tours” сайёҳлик компанияси ўз кўргазмасини  намойиш этди. Ўзбекистон кўргазма павильони кун давомида бутун дунёдан ташриф буюрган меҳмонлар ва минглаб  нью-йоркликлар билан гавжум бўлиб, уларга ватанимизнинг  гўзал ва бетакрор урф-одатлари, бир неча минг йиллик тарихи замирида ётган улкан муваффақиятлари, буюк тарихий ёдгорликлар, тенгсиз мусиқалари, моҳирлик ва меҳр ила дунёга келган ипакчилик, ҳунармандчилик ва пазандалик санъатлари, миллий байрамлари, бепоён чўлларию улуғ тоғлари ҳақида кўпгина маҳлумотлар бериб ўтилди. Шу билан бирга,  меҳмонларга  айнан Ўзбекистондан келтирилган ноз-неъматлар тортиқ қилинди. Туркистон —Амерака жамияти рақс дастаси раҳбари Замира Салим эса ўзларининг мафтункор рақслари билан барча меҳмонларга миллий руҳ улашдилар. Ҳаттоки, меҳмонлар ҳам Замира опага қўшилиб рақсга тушиб кетишди.

    397482_564031033624567_1391066592_n

    Кўргазмада куни давомида гувоҳи бўлганимдек, меҳмонларни халқимизнинг қандайин меҳмондўст ва очиқкўнгиллиги ҳамда ноёб санъат эгалари эканлиги сўзсиз ҳайратга қолдирди. Мени эса уларнинг ватанимиз ҳақида, айниқса,  Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива каби кўҳна ва бетакрор шаҳарларимиз ҳақида қанчалик кўп маълумотга эгаликлари ҳайратга солди. Меҳмонларнинг бири келиб ҳазиллашиб “Мен айнан қовунхўрлик учун Ўзбекистонга бораман” деса, яна бири “Мен Самарқанддаги учта ёнма-ён турган  тарихий  қурилишни кўрмоқчиман” деди. Яна бир америкалик аёл бизнинг павильонга келиб қолганига ишонмай,  хурсандлигидан Ўзбэкистонга саёҳат қилиш унинг учун “Dream Trip”, яъни афсонавий саёҳат бўлишини таъкидлади. Умуман, барча меҳмонлар тили билан айтганда, улар гўёки ўзларини Ўзбекистонда ҳис этишди.

    296811_564030726957931_173034878_n

    Ана шундай гўзал тадбирнинг шахсан гувоҳи бўлганимдан жуда ҳам хурсанд бўлдим, ва айнан Ўзбекистоннинг фарзанди бўлганимдан, ана шундай меҳмондўст ва тарихи буюк халқнинг бир бўлаги эканлигимдан айнан  ушбу кун янада фахрландим.  Сўзсиз айтиш мумкинки, ушбу сайёҳлик кўргазмаси сингари тадбирлар Ўзбекистонимизни бутун дунёга танитишда, уни тарғиб қилишда жуда жуда катта ҳисса қўшади. Умид қиламизки, бугунги тенгдошларимиз ва бошқа ватандошларимиз ташаббуси билан ҳали кўпгина бундай тадбирлар амалга оширилади. Зеро, ватанимиз ривожи, бизнинг ривожимиз, унинг қувончи бизнинг бахтимиздир!

     

    Нилуфар САЛИМОВА.