Америкаликларнинг даромади кўпайди

10-p121612ps-0100

Америкаликлар сўнгги саккиз йилда деганда ўз даромадларини кўпайтириш имкониятига эга бўлди. Бу иқтисодиётни рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган истеъмол қувватининг ошишида муҳим аҳамиятга эгадир.

АҚШ Тижорат вазирлиги тарқатган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг декабрь ойида америкаликларнинг шахсий даромади ноябрь ойига нисбатан 2,6 фоизга ўсган. Бу сўнгги саккиз йилдаги энг баланд кўрсаткич бўлиб, ҳатто экспертларнинг прогнозларидан ҳам 0,8 фоиз ортиқдир. Тижорат вазирлиги таҳлилича, йил охирида жисмоний шахслар даромадидаги бундай ўсиш йил якунлари бўйича тўланган турли мукофотлар билан боғлиқдир. Чунки янги йил бошидан жисмоний шахслар даромадига солинадиган солиқ миқдори кўпайди. Шу боис компаниялар солиқ юкидан қочиш мақсадида декабрь ойида тезлаштирилган ҳолда кўпроқ мукофотлар ва бошқа тўловларни амалга оширишган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу кунларда АҚШ иқтисодиёти бўйича чоп этилаётган статистик маълумотларга қараганда, Американинг ялпи ички маҳсулоти ўсиш кўрсаткичлари ҳам пасайган. Хусусан, тўртинчи чорак якунларига кўра, АҚШ ЯИМи 0,1 фоизга пасайган.