Божхонада электрон расмийлаштириш бошланди

1308635984_yelektronnoe_pravitelstvo_kazaxstana

Ўзбекистонда 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига ўз ихтиёрига қараб товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштиришни амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилди.

Давлат божхона қўмитаси товарларни электрон шаклда расмийлаштиришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини  жорий этиш учун масъул қилиб белгиланди. Қўмита янги йил бошига келиб тизимни синовдан ўтказиш ишларини якунлади.  Товарларни божхонада электрон шаклда расмийлаштириш процедураси иккита босқичдан иборат.

Биринчи босқичда ваколатли органлар томонидан белгиланган муддатда идоралараро алоқалар даражасидаги рухсат этиш ҳужжатлари берилади ва улар товарларни электрон шаклда расмийлаштиришнинг автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.

Иккинчи босқичда божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи мутахассис электрон ҳужжат кўринишидаги божхона юк декларациясини ва унга ҳамроҳ бўладиган ҳужжатларни тайёрлайди. Улар божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи мутахассиснинг электрон рақамли имзоси билан имзоланади ва божхона хизмати ходимига юборилади. Бу ерда товар электрон шаклда расмийлаштирилади.
Шунингдек, электрон декларацияларни сақлаш муддати ҳам белгиланди – улар қоғоз ДБД сақланадиган муддатга мувофиқ келиши зарур.

Товарларни божхона кўригидан ўтказиш ҳақида қарор қабул қилган божхона ходими уч соат давомида божхона расмийлаштирувини амалга оширувчи мутахассисга уни ўтказиш вақти ва жойи ҳақидаги маълумотлар ёзилган электрон хабарни юборади. Электрон декларацияда кўрсатилган маълумотлар божхона кўриги натижаларига мос келганида, кейинги расмийлаштириш ишлари оддий тартибда ўтказилади.