ФИФА рейтинги: Ўзбекистон Эронни ортда қолдирди ва Осиёнинг 4-жамоасига айланди

qataruzbs_16102012Халқаро футбол федерацияси – ФИФА терма жамоаларнинг янги рейтинг жадвалини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 11 ўрин юқорига кўтарилиб, айни вақтда 56-поғонани банд этиб турибди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати. Эътиборлиси, Ўзбекистон якунига етган ой якунларига кўра ФИФА рейтингида энг юқори ўсишга эриша олган уч терма жамоадан бири бўлди.

Ўтган ойги рейтингнинг 67-поғонасидан ўрин эгаллаган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг очколари сони, айни вақтда 555тани ташкил этмоқда ва Миржалол Қосимов шогирдлари ФИФА томонидан 17 январь куни эълон қилинган рейтингда 56-поғонага кўтарилиб олишди. Мазкур натижадан сўнг, Ўзбекистон Эрон терма жамоасидан рейтингда ўзиб кетди ҳамда 2007 йилнинг июнь ойи рейтингидан бери илк маротаба Осиёнинг энг кучли 4 жамоаси қаторига кирди. Қўшимча ўрнида, Ўзбекистон терма жамоаси 2006 йилнинг ноябрь ойи рейтингида 45-ўрингача кўтарила олган ва Осиёнинг энг кучли терма жамоалари орасида кучли учликка кира олган эди.

Япония терма жамоаси ҳамон Осиё қитъасининг энг кучли терма жамоаси бўлиб турибди (21). ЖЧ-2014 саралаш баҳсларидаги гуруҳдошимиз Жанубий Корея терма жамоаси бу ойги рейтингнинг 31-поғонасидан жой олган бўлса, Австралия терма жамоаси 36 ўриндан жой эгаллаган. МДҲ мамлакатлари орасида эса Ўзбекистон Россия (9) ҳамда Украина (44)) терма жамоаларидан кейинги ўринда турибди.

ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасидаги Ўзбекистоннинг қолган икки рақиби – Қатар ва Ливан терма жамоалари ФИФА рейтингида пастламоқдалар. Қатар терма жамоаси ўтган ойги рейтингдан 8 поғона пастга тушиб 106 ўринга жойлашган бўлса, Ливан терма жамоаси яна 3 поғона пастлаган ҳолда 130 ўриндан жой олган.

Умумий рейтингнинг кучли ўнлигида ўзгариш юзага келмади. Рейтингни ҳамон Испания терма жамоаси бошқариб турибди.