Халқаро авиақатновлар учун чипта нархлари оширилди

50721_original

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси жорий йилнинг бошидан халқаро авиақатновлар учун чипта нархларини 20 фоизга оширди.

Авиакомпания тарқатган хабарда келтирилишича, маҳаллий авиақатновлар учун нархлар ўзгаришсиз қолдирилган. Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида миллий авиакомпания маҳаллий рейслар учун нархлар бўйича чегирмалар эълон қилган эди. Ушбу чегирмалар январь охирига қадар амал қилади.

Яна шуни қайд этиш керакки, 2013 йилнинг 1 январидан чет эл авиаташувчилари ўз чипталарини Ўзбекистон резидентлари учун хорижий валютада сотиш имконига эга бўлди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” маълумотларига кўра, 2012  йилнинг 9 ойи мобайнида хорижга йўловчи ташиш 6,5 фоизга, МДҲ мамлакатларига йўловчи ташиш 17,1 фоизга, мамлакат ичида йўловчи ташиш эса 16,4 фоизга ошган.