Ҳиллари Клинтоннинг сўнгги кўз ёшлари

20130124_hillary_testimony_libya

АҚШ Конгресси мухсус комиссиясида ўтган йили Ливиянинг Бенгази шаҳридаги АҚШ консулхонасига уюштирилган ҳужум юзасидан эшитув бўлиб ўтди. Унда шу кунларда ўз ўрнини Жон Керрига топшириши кутилаётган АҚШ давлат котиби Ҳиллари Бенгази 2012 йил 11 сентябрь террорчилик акти юзасидан конгрессменларга ҳисобот берди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Клинтоннинг Конгресс комиссияси олдидаги ҳисоб бериши Бенгази теракти бўйича бирон янгиликни ошкор этмаган бўлса-да, у жуда қизғин ўтди.

Сенат ва Вакиллар палатасининг ташқи сиёсат масалаларига масъул қўмиталарида фаолият юритадиган республикачилар Бенгази воқеаларида, чунончи, хавфсизлик чораларининг етарли даражада кўрилмаганлиги оқибатида элчи Крис Стивенснинг ҳалок бўлишига Ҳиллари Клинтонни тўғридан-тўғри айбдор сифаида кўрсатиб ўтишди. Қолаверса, парламент комиссияси Ҳиллари Клинтон Оқ уйнинг бир қисми сифатида Конгресс ва жамоатчиликни ушбу воқеани нотўғри талқин қилишга ундаган. Уларнинг фикрича, бу ўша пайтда Обама сайловолди кампанияси учун айни муддао эди.

Республикачи сенатор Ренд Пол эса Клинтоннинг етарли даражада етакчиликни қўлга ола билмаганликда айблаб, ушбу воқеалар ортидан истеъфога чиқиши керак эди, деб ҳисоблайди. Сенатор Жон Маккейн эса давлат котиби жавобларини “қониқарсиз” деб баҳолаган.  У, айниқса, Бенгазидаги консулхона, Триполидаги элчихонанинг хавфсизлик чораларини кучайтиришни сўраб бот-бот ёзган мурожаатлари ҳақида Клинтоннинг ва Давлат департаментининг бехабар бўлишини тушуниш қийин, деб қайд этган.

Клинтон, ўз навбатида, бундай мурожаатлар унгача етиб келмаганлигини айтиб, “Давлат департаменти кунига ўртача 1,4  миллионта махсус маълумот(хат)лар олади. Уларнинг барчаси менга йўналтирилган бўлиб, уларнинг ҳаммасини тўлиқ ўқиш имкониятига эга эмасман”, деб қайд этди.

Маълумки, АҚШнинг БМТдаги вакили Сюзан Райс Бенгази воқеаси юзасидан баёнот бериб, элчи мусулмонларнинг Америкалик ҳаваскор режиссёр томонидан олинган фильмга нисбатан муносабатининг оқибатида ҳалок бўлди, деб қайд этган эди. Ваҳоланки, кейинчалик бу теракт жиддий ва чуқур тайёргарликдан ўтганлиги аниқланган.

Республикачилар партиясидан сенатор Рон Жонсон Обама маъмуриятини одамларга ёлғон ахборот берган ҳолда чалғитганини қайд этганда, Ҳиллари Клинтон чин маънода жаҳл отига минди. “(Одамлар) Сюзан Райс ва Президент маъмуриятини америкаликларни чалғитланликда айбламоқда… Ҳеч нарса ҳақиқатдан устун эмас. Бу террорчилик акти намойиш оқибати эдими ёки бир неча шахснинг айрим америкаликларни ўлдириш нияти эдими? Бунинг нима аҳамияти бор?! Бизнинг ишимиз бу ҳолатни чуқур ўрганиб чиқиш ва истиқболда бундай воқеалар такрорланмаслигининг олдини олишдир, жаноб сенатор”, деди қўлларини столга урган ҳолда.

Демократлар эса, ўз навбатида, Конгресс суриштируви давомида республикачилар Давлат департаменти харажатларини қисқартирганлигига урғу беришди. Клинтон мунтазам унинг идораси харажатларига маблағ етмаслигини таъкидлаб келади. Демократлар партиясидан сенатор Ричард Дурбин “Бир вақтлар бизга мана шу ерда Ироқ оммавий қирғин қуролига эга ва уруш очилиши керак, деган даъватни эшитган эдик. Биз ҳалигача ушбу қуролларни излаяпмиз. Улар аслида йўқ. Минглаб америкаликлар қурбон бўлди. Келинг, шу масалада ҳам парламент эшитувини ўтказайлик”, деди қизиққонлик билан.

Клинтон Бенгази қурбонларининг оила-аъзолари билан боғланиш, уларга бу маъшум хабарни етказиш ҳаётидаги энг оғир дамлар бўлганини қайд этди.

 Умуман, таҳлилчилар Ҳиллари Клинтон ўзини конгресс эшитувида жуда эркин, ҳаёжонли ва ишончли тутган ва бу кенг жамоатчиликда катта таассурот уйғотган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ҳиллари Клинтон гарчи ўз лавозимини тарк этаётган бўлса-да, америкаликларнинг 69 фоизи унинг фаолиятини ижобий баҳолашини айтган. Pew тадқиқот маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, бор-йўғи 29 фоиз америкаликлар унинг фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаслигини айтиб ўтган.