Қирғизистон ҳукумати амалдорларни “Сўх воқеаси”си бўйича изоҳ беришдан тийилишга чақирди

images (1)

Қирғизистон президенти девонининг ташқи сиёсат бўлими мудири Сапар Исоқов мамлакат парламенти депутатлари ҳамда жамоат арбобларини Ўзбекистоннинг чегара Сўх туманида бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан баҳо бериш ва турли изоҳлардан тийилиб туришга чақирди. Унинг фикрича, ҳозирги кунда икки мамлакат ҳукуматлараро комиссияси мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда. Қирғизистон ҳукумати етказилган зарарни қоплаш ҳамда Чарбоғ аҳолисига нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширганларни жазога тортишни сўраб, Ўзбекистон томонига мурожаат қилган. Ҳозирги пайтда мазкур ҳодисадан жабр кўрган 12 нафар шахсга етказилган зиён ўрни қоплаб берилган. Бошқаларга етказилган зарар миқдори ҳам аниқланмоқда.

Расмий Тошкент ҳам Қирғизистон ҳукуматининг “Сўх ҳодисаси” бўйича изоҳ бермаслик ҳақидаги қарорини қўллаб-қувватлаган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, охирги пайтларда Қирғизистон Республикасининг аксарият расмий шахслари томонидан жиддий ва эҳтиётсиз изоҳ бериш ҳолатлари кўп учрай бошлади. “Охирги кунларда мазкур масала бўйича муаммолар ҳал қилина бошлагач, бир қатор жамоатчилик вакиллари, шу жумладан, Қирғизистон парламенти вакиллари эҳтиётсиз фикр билдира бошлашди. Бу мазкур ҳудудда вазиятни тартибга олиш ҳамда аҳоли турмушини одатдаги ҳолатга қайтаришга салбий кўрсатиши мумкин”, деди Сапар Исоқов.

Эслатиб ўтамиз, Сўх туманида келиб чиққан воқеага Қирғизистон фуқароларининг бетон симёғочни ўрнатишдаги нотўғри хатти-ҳаракати сабаб бўлган. Улар симёғочни ўрнатиш чоғида Ўзбекистон чегарасини бузишган ва бу маҳаллий аҳолининг эътирозига сабаб бўлган. Шундан сўнг вазиятга икки давлат чегарачилари аралашишига тўғри келган.

Ўзбекистон томони 5-7 январь кунлари Қирғизистоннинг Боткен туманидаги Чорбоғ қишлоғи ва Сўх анклавида юз берган чегара ҳодисасида жабр кўрган Қирғизистон фуқароларининг зарарини тўлиқ қоплашга тайёрлигини билдирган. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукуматининг Боткен туманидаги вакили Женишбек Разаков билан учрашув вақтида Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев маълум қилган.