Ноқонуний иммигрантлар яқинларидан айро юрмайди

804319

Обама маъмурияти чоршанба куни Америка фуқаролари билан яқин қариндошлик алоқалари бўлган ноқонуний иммигрантларга мамлакатдан чиқмасдан ўз ҳуқуқий мақомларини легаллаштириш имкониятини яратиб берди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ўзгартириш ҳисобига АҚШдаги 11 миллион атрофидаги ноқонуний иммигрантларнинг 1 миллионга яқини доимий яшаш ҳуқуқини қўлга киритиши мумкин.

Миллий хавфсизлик хизматининг янги қоидалари ноқонуний иммигрантларга ўз оилаларидан узоқ муддатга айро яшамасликларига қаратилгандир.

Шу йилнинг 4 мартидан ушбу тартиблар кучга киради. Ўшандан бошлаб Америка фуқаролари билан яқин қариндошлик алоқаларида бўлган ноқонуний иммигрантлар, агар уларнинг ўз турмуш ўртоғи, ота-онаси ёки фарзанди ёнида бўлмаслиги уларга жиддий ноқулайлик туғдиришини исботлаб бера олса, Америкадан чиқиб кетмасдан ҳам, ўз ҳуқуқий мақомини қонунийлаштириш бўйича иммиграция хизматига ҳужжат топшириши мумкин. Бунда иммиграция визаси бериладиган бўлса, ўз ватанига қисқа муддатга қайтиши керак бўлади. Бу тегишли ҳужжатларни олиш учун қилинади.

Бу Обама маъмуриятининг Конгресс орқали қонун қабул қилмасдан иммиграция тартибларини ўзгартиришга бўлган иккинчи саъй-ҳаракатдир.  Ўтган йил августида болалигида Америкага келиб қолган болаларни депортация қилишни тўхтатиш дастури жорий қилинган эди.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Америкага ноқонуний йўллар билан келиб қолган иммигрантлар виза учун ҳужжатларни ўз мамлакатидан топшириши керак. Аммо ноқонуний иммигрант Америкадан чиқиб кетиши билан уни АҚШга 3-10 йилгача кириш ҳуқуқидан  маҳрум қилиши мумкин.