Ғолиб “Биби”нинг мағлубияти

2013-01-17T143804Z_01_JER1_RTRIDSP_3_ISRAEL-ELECTION-SCENARIOS

Исроилда бўлиб ўтган сайловларни бутун дунё аҳли катта қизиқиш билан кузатиб борди. Ахир, яҳудийлар давлати нафақат Яқин Шарқда, балки бутун дунёда катта таъсирга эга давлатлардан ҳисобланади. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатдаги вазиятдан келиб чиқиб, ўтган йили Исроил бош вазири Биньямин Натаньяҳу муддатидан сайлов ўтказилишини эълон қилган эди. У яҳудийларда фаластин ва бошқа масалаларда унинг партиясига бўлган ишонч юқори, деб ўйлаб шундай қарорга келган эди.

Сайловолди кампаниясини “Кучли Исроил учун кучли бош вазир керак” шиори остида олиб борган “Биби” (уни шундай аташади), аксарият ғарб таҳлилчилар фикрча, бу сайловларда мағлуб бўлди, дейишга тўлиқ асос бор. Чунки бу галги сайловларда нафақат “ўнг”лар ва “сўл”лар кураш олиб борди, балки “марказ”нинг ҳам обрўси ошганлигини кўрсатди.

Сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилиниши билан Биньямин Натаньяҳу Facebook орқали яҳудийлар ўз танловини амалга оширганини маълум қилди. У бош вазир бўлиши кераклигини айтади. “Сайловлар ортда қолди, энди мавжуд муаммолар билан шуғулланиш керак”, деб ёзади у, жумладан.

Spiegel журналининг ёзишича, бу изоҳ ҳақиқий мағлуб бўлган одамнинг ишидир. Чунки қирол Биби мағлубиятга учради. Гарчи “Кучли Исроилга кучли бош вазир керак” шиори билан сайловчиларни ундаган бўлса-да, у сайловларда жиддий мағлубиятга учради. Албатта, унинг партияси мамлакат парламенти — Кнесетда энг кўп ўринни қўлга киритган бўлса-да, бу ҳукуматни шакллантириш учун камлик қилади. Шуни айтиш керакки, у муддатидан олдин сайлов ўтказишда бунинг тескарисини кутган эди.

Биби ўзининг “Ликуд” партиясини собиқ ташқи ишлар вазири Авигдор Либерманнинг партияси билан бирлаштирди. У буни сайлов технологиялари бўйича америкалик экспертлар ҳам политтехнолог Артур Финкельштейн тавсияси асосида амалга оширган эди. Бу бирлашиш, сайлов натижалари кўрсатдики, ўзини мутлақо оқламади. Чунки Биби ўзига катта баҳо бериб юборган эди. Агар 2009 йилги сайловларда “Ликуд” Кнессетда  42 та ўринни қўлга киритган бўлса, бу галги сайловларда “Исроил бизнинг уйимиз” партияси билан бирга 30 та атрофида ўринга эга бўлади. Кнессет эса 120 нафар депутатдан иборат.

Албатта, бу сайлов натижалари “сиёсатнинг финкельштейнизация бўлиши”, яъни кучли “бошлар” томонидан бошқарилиши ҳақида назарияни анча сусайтириб юборади. Биби ва унинг шериклари мазкур сайловолди кампаниясига шу даражада ишонч билан қараган эдики, ҳатто иттифоқдош партия ўз сайловолди платформасини ҳам эълон қилмади. “Биз ўз бирдамлигимиз ва кучимиз билан фахрланамиз”, “Кучли Исроилга кучли бош вазир керак” деган шиорлар улар учун етарли эди, гўё. Аслида бутунлай бошқача бўлиб чиқди.

Куни кеча бўлиб ўтган сайловларнинг яққол ғолибларидан бири, шубҳасиз, Яир Лапиднинг “Келажак муқаррар” партиясидир. Улар “марказ” ғояси билан йўғрилган партия бўлиб, кўпчилик экспертларнинг эътирофига сазовор бўлди. Таниқли шарҳловчи ва телебошловчи бўлган Лапид унинг партияси бўйича ижтимоий сўровлар “ваъда қилган” овозлардан уч баробар кўп овоз олди. У парламентда 20га яқин депутатлик ўрни билан, ғолиблик нуқтаи назаридан, иккинчи ўринга лойиқ бўлди. Унинг рўйхатидаги шахслар, энг қизиғи, олдин депутат бўлишмаган. Эътиборли жиҳати, партияда унинг роли анчагина мустаҳкам бўлиб, у ҳатто 2020 йилга қадар партияни бошқариш ваколатига эга.

“Биз бу ерга мамлакатни ўзгартириш учун келганмиз”. Яир Лапиднинг сайловолди шиори иврит тилидан тахминан шундай таржима қилинади. Унинг электорати асосан ўрта синф вакиллари бўлиб, Исроил давлати масъулияти жамиятнинг барча қатламлари ўртасида тенг тақсимланиши керак, деб ҳисоблайди. У Натаньяҳу билан елкама-елка ишлашга тайёрлигини билдирган бўлса-да, ўзининг шартларини ҳам илгари сура бошлади. У ҳукуматнинг шунчаки вакили бўлишни истамайди. Айни чоғда коалиция таркибига “сўл марказ” партиялардан яна бири  Биби ҳукумати таркибига кириши керак, деган талабни илгари сурди. Буни амалга ошириш имкониятлари чекланган. Чунки Ишчилар партияси раҳбари Кеши Яхимович бу таклифга рад жавобини аллақачон билдириб бўлди.

Лапиднинг энг муҳим талабларидан бири, фаластинликлар билан музокаралар олиб боришни рад қиладиган партия билан коалицияга киришмаслигидир. Бу, албатта, Биби учун жуда ноқулай талаб. Ҳозир Биби коалиция ҳукуматини шакллантириш бўйича жиддий мулоқотларни олиб бораётган бўлса-да, унинг истиқболдаги фаолияти бирмунча чекланган бўлиши аниқ. Чунки яҳудий халқи унга “кўпроқ куч” ваколатини бермади.

Овозларнинг 99,8 фоизи ҳисоб-китобига биноан, Бибининг бирлашган партияси Кнессетдаги 120 ўриндан 31тасини эгаллаган. Бош вазирнинг сўзларига кўра, у яқин вақт ичида «имкон қадар кенг кўринишдаги коалиция»ни шакллантиришни бошлайди.

Натаняҳу парламентда 19та ўринни эгаллаб, сайловда иккинчи бўлган Яир Лапидга мурожаат қилиб бўлди. «Ликуд»даги манбаларнинг берган маълумотига кўра, агар Лапид бош вазирнинг таклифини қабул қилса, унга ташқи ишлар вазири ўрни ишониб топширилиши мумкин.