Озодбек Назарбеков: “Бўлди, санъат ва мусиқа ҳақида умуман ўйламайман…” (Биринчи мақола)

1o— Кейинги йил “Озод шоу”га қандай ўзгаришлар киритишни режалаштирдингиз?
— Ижодий жамоада айтарли ўзгариш бўлмайди. Фақат саҳна безакларини ўзгартиришимиз мумкин, холос.

— Назаримда саҳна асосан концертларга хос. Шоу учун эса бироз ноқулайлик туғдиради…
— Қанақа ноқулайлик туғдириши мумкин?

— Масалан, меҳмонларингиз саҳнада ўрнатилган диванларда ўтиришади, томошабинлар эса пастда. Тепада ўтирганларга, айниқса калтароқ кўйлак кийиб келган аёлларга бу бирмунча ноқулай… “Озод шоу”нинг томошабини сифатида менга шундай туюлади.
— Билмадим, бу ҳақда ўйламаган эканман… Аслида шоу импровизациялар устига қурилиши, меҳмонлар билан мулоқот вазиятдан келиб чиқиб жонли тарзда кечиши керак. Сценарийга қатъий риоя қилган ҳолда ўтказилса, кўнгилдагидек чиқмайди. Ҳозир шоуни табиий ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Бизда нафақат бошқа соҳа вакиллари, ҳатто айрим санъаткорларда ҳам, ҳамон камера қаршисида бироз ҳаяжонланиш бор. Меҳмонларимиз ўзини эмин-эркин сезиши қийин. Аслида меҳмонларнинг ҳар бири шоумен бўлиши керак. Камера унга тўғриланиши билан импровизация қила билиши лозим. Бизда эса аксинча, кулиб турган киши ҳам камера қаршисида бирдан жиддий тортади. Сиз айтган ўша ноқулайликларга ҳам аслида сабаб шу. Яъни меҳмонлар ўзларини табиий тута олишмайди. Токи ўша нотабиийлик йўқотилмас экан, ҳар қандай шароитда ҳам одам ўзини ноқулай ҳис этади. Яқинда Зокир Очилдиев билан Россияда сценарийсиз, импровизация устида шоу дастури уюштирдик. Жуда чиройли чиқди. Аста-секин шуни ўзимизда ҳам йўлга қўймоқчимиз.

2o

— “Озод шоу” сизга нима берди? Шусиз ҳам машҳур, қўшимча рекламага муҳтож эмасдингиз.
— Очиғи, илгари концертларда меҳмонлар билан бемалол саломлашиш ҳам қўлимдан келмасди. “Озод шоу”ни ташкил этишдан мақсад, томошабин билан бевосита мулоқот қилиш, нутқни ривожлантириш эди. Бу нарса учун эса, табиийки “парктика” керак. “Озод шоу”да ишлаганимдан буён нутқимда ўзгаришлар сезиляпти. Масалан, бу йил берган концерт дастуримга бошловчи чақирмадим, уни ўзим олиб бордим. Шоу менга камера олдида эркин бўлиш имконини берди. Ҳозир бемалол томошабинлар билан жонли мулоқот қила оламан. Ҳадемай, шундай кунлар келадики, санъаткордан ҳам қўшиқ куйлаш, ҳам кулдириш, ҳам бошловчилик қилиш, бир сўз билан айтганда, шоумен бўлиш талаб этилади. Мени айтди дейсиз, бундай кун албатта келади. Ўша кунга тайёр туриш учун ҳам шу ишни бошладим. Қолаверса, мен бошласам, ёшлар ҳам эргашади деб ўйладим. Хорижда кўплаб санъаткорлар шоумэн даражасига етган.

— Шоуда яна кимларнинг меҳмон бўлишини истар эдингиз? 
— Ҳозирча юртимиз санъаткорлари, спортчилар ва бошқа соҳа вакилларини меҳмонга таклиф этяпмиз, рад этишмаяпти. Аммо орзулар бисёр. Масалан, шоуга халқимиз яхши кўрадиган ҳинд актёрларини меҳмонга чақирсам, дейман.

3o— Уларни ҳозир чақиришга нима халақит беряпти? Ёки Болливуд юлдузларини таклиф қилишни “Озод шоу”нинг бюджети кўтармайдими?
—“Озод шоу”да бюджетнинг ўзи йўқ (кулади). Дунё юлдузларини шоуларимизга таклиф этадиган даврлар ҳам келади, албатта.

– Шоунинг ҳар бир сонида ёш иқтидорларни кашф этасиз. “Озод-шоу”да иштирок этишни истаган ёшлар қаерга мурожаат этиши керак? Улар учун махсус танловлар ўтказиладими? 
— Янги иқтидорлар учун ҳеч қандай танлов йўқ. Лицензияси бўлса, бас. Аслида атрофимда ёш иқтидорлар кўп бўлгани боис, мана шу кўрсатув ташкил этилган. Улар дискларини бериб кетишади, биз эса эшитиб кўрамиз ва танлаймиз. Баъзида қўшиқ, кўрсатув ғоясига тушишига қараб ҳам танланади. Уч йилдан буён имконият тегмаётганлар ҳам бор, баъзида шуни чиқарайлик деб турганимизда, қўшиғи ўша кўрсатув ғоясига мос келмайди. Баҳони эса томошабин беради, биз фақат биринчи қадам қўйишга ёрдам берамиз.

— Озодбек Назарбеков оилада қандай одам эканлиги кўпчиликни қизиқтиради. Мабодо “кўчада илтифотли, уйда қаҳрли”лардан эмасмисиз?
— Йўқ, унақа эмасман (кулиб). Оиламни жуда яхши кўраман. Чунки оилам билан камдан-кам бўламан. Яъни дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтириш, бирор байрамни ёки фарзандларимнинг туғилган кунини нишонлаш, мен учун камдан-кам бўладиган ҳолат. Шунинг учун шунчаки суҳбатлашиб ўтириш ҳам мен учун бир бахт. Мен учун энг яхши, энг мароқли давра бу – оилам давраси.

6o— Ўғил ва қизларингизга бир хил тарбия усулини қўллайсизми? Ёки фарқи борми?
— Албатта, қизларимга ўғлимдан кўра кўпроқ меҳрибонман. Чунки қизларим меҳмон, бир кун уйимни тарк этишади. Шуни ўйлаган ҳолда, уларга кўпроқ меҳрибонлик қиламан. Лекин бу –уларни тарбияси бузиладиган даражада эркалатаман, дегани эмас. Оилада қаттиқ тартиб ўрнатилган, бу ҳамма учун бир хил. Ўғлимга келсак, унга нисбатан бироз қаттиққўлман, яъни унда бўш вақт қолмаслигини назорат қиламан. Ўғил бола ҳаётда ўзи оёққа туриб, ўзи дадил юра олиши керак, ожиз бўлмаслиги лозим. Кимгадир суянмасдан, ишонмасдан яшашни билиши керак.

— Оиладагиларингиз учун гапингиз қонунми?
— Вазиятга қараб. Фарзанднинг ҳаёти ва келажаги учун катта роль ўйнамайдиган ҳолатлар ҳам бор. Масалан, унинг кийиниши. Шу ҳолатларда қатъий фикрим бор. Бу қонун, муҳокама қилинмайди. Ҳаёт йўли ёки касб танлаш борасида эса рафиқам ва фарзандларим билан маслаҳатлашган ҳолда иш кўрамиз. Барибир, рафиқам мендан кўра қаттиққўлроқ.

— Рафиқангиз қаерга кетяпсиз, қачон келасиз, деган саволларни беришга ҳақлими ёки бу масала ҳам узил-кесил ҳал этилганми?
— Йўғ-ей, албатта ҳақли (кулиб). Аслида менинг ҳаётимда тартиб йўқ. Масалан, бошқа касб эгасининг ишхонаси аниқ. Менда эса ундай эмас. Доимий сафарлар, хизматлар… Фақат бир вазиятда менга шу саволни бериши мумкин, яъни йўлга чиққанимда. Неча кунга боришим, жомадонимга қанча кийим солишни билиш учун шунақа саволлар бўлади. Ундан ташқари ҳолатда қаердалигимни билади.

— Ўзингиз айтганингиздек гастролларда яшайсиз. Сафарларда энг ғашингизга тегадиган нарса нима?
— Меҳмодорчилик…

— Йўғ-ей? Меҳмонхоналарда тунаш ёки тартибсиз таомланиш десангиз керак, деб ўйлагандим.
— Айнан меҳмондорчиликларни жуда ёмон кўраман. Чунки биз сафарларга иш учун борамиз. Бизни чақирган одам учун бу ҳолат, бир йилдами ёки бир ойдами бир бўлади. Шунинг учун мени соат тунги икки яримда, меҳмонга чақириш ёки меҳмонга олиб бориш унга эриш туюлмайди. Мени эса, хизматни тугатиб дам олгим келади. Энг ёмони, чарчасангиз ҳам кулиб туришга мажбурсиз. Одам ишлаб чарчаганидан кейин қовоғини солии-и-иб, бошини бир жойга қўйиб, ҳеч ким билан гаплашмай ўтиргиси келиши мумкин. Агар шундай ўтирсангиз, “бу менсимади” деган гаплар бўлади. Шунинг учун ухламаган ва қаттиқ чарчаган бўлсам-да, кулиб ўтиришга мажбурман.

7o— Сизни яхши кўришганидан чақиришади-да.
— Шуни тушунганим учун ҳам чидайман. Аммо тўғрисини айтишим керак, бу нарсани ёмон кўраман. Ўзимни мажбурлаб кулиб турсам-да, ич-ичимдан қийналиб кетаман.

— Гастролларда юлдузларга хос инжиқлик қилиб турасизми?
— Баъзи-баъзида бўлиб туради. Айниқса, роса чарчаганимда, режаланмаган ишлар чиқиб қолганида, инжиқлигим тутади. Айтайлик оилавий муаммолар сабаб, туни билан ухламай чиқдим. Лекин эрталабдан йўлга чиқишим керак. Узоқ вилоятга бориб битта хизматни ўтаб бўлмасимдан, “зудлик билан Тошкентга етиб келинг” деб қолишади. Ўшанда қайтиб келиб, бу ердаги ишларни тинчитиб яна хизматга қайтиб кетишимга тўғри келади. Ўша пайтда атрофимдагиларга “бир кунда шунча хизматга буюртма олишнинг нима кераги бор эди” деб заҳримни сочиб оламан (кулади).

— Кейин биринчи бўлиб ўзингиз кечирим сўрайсизми?
— У даражада қаттиқ хафалашмаймиз, атрофимдагилар ҳолатимни тушунишади. Кейин бу жараён узоққа чўзилмайди. Ярим соат ўтар-ўтмас, яна ҳеч нима бўлмагандек ишлаб кетаверамиз.

— Ҳаётда ҳар қандай вазият бўлиши мумкин. Айтайлик санъатдан кетсангиз, нима иш билан шуғулланишингиз мумкин? Баъзи санъаткорлар ҳар эҳтимолга қарши продюсерлик маркази ёки ресторанлар очишган…
— (ўйланиб) Мен санъатдан бошқа нимаики иш қилиб кўрган бўлсам, ўхшата олмаганман. Қўлимдан келган, ўрганганман, аммо санъат барибир ўзига тортиб кетаверган. Ҳатто шунақа пайтлар бўладики, касбимдан безиб кетаман. Шунда “бўлди, санъат ва мусиқа ҳақида умуман ўйламайман, бу ҳаётимни унутаман ҳамда бир-икки кун ўз хаёлларим билан хотиржам яшайман” дейман. Ҳатто ёнимда биров қўшиқ қўйса ҳам ўчиринглар, деб уришиб бераман. Лекин бу нарса бир соатга ҳам бормайди, яна ижодий хаёл, қайси мавзуда куйласам, бошқаларникига ўхшамайдиган нима янгилик қилсам, деган ўйлар бостириб келаверади. Аввало у кунлар келмасин-у, келса, билмадим, мен санъатсиз яшай олмасам керак… Ҳатто чарчаганимда ҳам хаёлимни санъат тарк этмайди. Шунинг учун, санъатдан бошқа иш қилишимни тасаввур ҳам қила олмайман.

9o

— Шахсий ҳаётдаги энг катта орзуингиз…
— Орзуим, ҳаётимдан кутган энг катта нарса бу ўғлим билан боғлиқ. Унга “сени Озодбек Назарбековнинг ўғли дейишларини истамайман, аксинча ўзинг бир нарсага эришгинки, одамлар бу одам Жаъфарбекнинг отаси экан” дейишсин дейман.

— Ўғлингиз келажакда қайси касбни эгаллашини истар эдингиз?
— Ҳозир спортга қизиқиши баланд, айниқса футболга.

— Барча санъаткорларнинг фарзанди футболчи бўлади-ёв. Сўнгги пайтларда ким билан гаплашмай “ўғлимнинг футболчи бўлишини хоҳлайман” дейишади. Санъаткорларнинг фарзандларидан футбол жамоаси тузамиз, шекилли.
— (кулиб) Лекин менинг ўғлим икки йилдан буён футболга қатнаяпти, уддалаяпти! Асосийси ҳам мана шу, уддалашида! Кўз тегмасин (фахрланиб).

— Қайси жамоага ишқибозлик қиласиз?
— Ҳозирча ўғлим “Бунёдкор”да, шунинг учун ҳам шу жамоага ишқибозлик қиляпман (кулиб).

— “M&TVA – 2012” тақдимот маросимида йилнинг энг яхши клипи ва қўшиғи номинацияларида кимга овоз бердингиз?
— Ҳозирги кунда ҳақиқий маънода янгилик бўлган клип, бу Googoshaнинг “Round run” клипи. У дунё санъати даражасидаги клип бўлди. Менимча, бу яқин орада унга рақобат бўладиган клип яратилмаса керак.

4o— Кўпчиликка “Мени кучлироқ сев” қўшиғингизнинг клипи ҳам ёққанди.
— Бизники сюжетли клип. Бунақа клипни ҳамма ҳам суратга олиши мумкин, бу бизнинг имкониятимиздаги иш. Аммо “Round run” клипи шахсан менинг имкониятимдаги иш эмас. У ўта замонавий техника ва замонавий кўринишдаги клип. Унда спортнинг ноёб турларидан бири – паркюр бўйича дунё миқёсидаги юлдуз қатнашиши ҳам биз учун катта янгилик.

— Мухлисларингизга тилакларингиз?
— 2012 йил шахсан мен учун, ватанимиз учун жуда баракали, файзли бўлди. 2013 йил ундан-да, яхши келишини тилайман. 2013 йил Юртбошимиз томонидан“Обод турмуш йили” деб эълон қилинди. Бу ҳам аслида бир тилак. Шундай экан, барчанинг тилаклари амалга ошсин.
— Раҳмат. Яхши тилакларингиз ўзингизга ҳам ҳамроҳ бўлсин.

Дилфуза СОБИРОВА суҳбатлашди.