Ўзбекистон элчиси Латвия президентига ишонч ёрлиғини топширди

download

Латвия Президенти Андрис Берзинш 2013 йил 15 январь куни Ўзбекистоннинг шу мамлакатга тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Афзал Ортиқовни қабул қилди.

Элчи Афзал Ортиқов Латвия президенти Андрис Берзиншга ишонч ёрлиғини топширди, деб хабар беради «Регнум» ахборот агентлиги. Ўзаро суҳбат чоғида Андрис Берзинш Ўзбекистон Латвиянинг Марказий Осиёдаги ишончли ҳамкори эканини ва Латвия Ўзбекистон билан сиёсий, айниқса парламентлараро ва иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга қизиқиш билдиришини қайд этди.

Шунингдек, Латвия Президенти икки давлатнинг  транспорт сохасидаги самарали ҳамкорлик юқори баҳолади. Ўз навбатида, Ўзбекистон ва Латвия иқтисодиёт ва бошқа қатор соҳаларда биргаликдаги ишларини янада чуқурлаштириш имкониятига эга эканини таъкидлади.

Андрис Берзиншнинг қайд этишича, ҳар икки давлат олдида минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ умумий масалалар мақжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда Латвия Афғонистонга транзит бўйича ҳамкорликни ўзаро кенгайтиришдан манфаатдор. Учрашув чоғида томонлар Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муносабатларини ҳам муҳокама қилдилар.

Элчи Афзал Ортиқов ҳам иккитомонлама алоқаларни ривожлантириш ҳамда Латвиянинг Европа Иттифоқи ва НATO аъзоси сифатида Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни ишга солишини айтиб ўтди.