Ўзбекистонда болаларни фарзандликка олиш тартиби ўзгармоқда

dsc_2867

Ўзбекистонда Фуқаролик процессуал кодекси ва Оила кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу борадаги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасида муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, агар ушбу тузатишлар қабул қилинса, болаларни фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг суд тартиби ўрнатилади.

Ҳозирги вақтда Оила кодексининг 151-моддасига мувофиқ, фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг аризасига биноан ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилади.

Амалдаги тартибга кўра, болаларни фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишда ҳоким кўпинча фарзандликка олувчилар билан шахсан учрашмаган ҳолда қарор қабул қилади.

Судларда ишлар ҳар томонлама кўриб чиқилиши ва бундай масалаларни ҳал этиш учун юридик билимларнинг мавжуд бўлиши муҳим аҳамият касб этишини инобатга олган ҳолда фарзандликка олиш бўйича ишларни кўриб чиқиш ваколатларини судларга бериш таклиф этилмоқда. Бундай тоифадаги ишлар ёпиқ суд мажлисида фарзандликка олувчилар, васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари, прокурор (зарур ҳолларда, ота-оналар, қариндошлар, бошқа шахслар, шунингдек фарзандликка олинаётган 10 ёшга тўлган бола) иштирокида кўриб чиқилади.