Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот 8,2 фоизга ўсди

    KabMin

    2013 йил 18 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2013 йилги иқтисодий дастурнинг асосий устувор вазифаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда қайд этилишича, 2012 йил якунларига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,2 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми – 7,7 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми – 7 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми – 11,5 фоизга, чакана товар айланмаси ҳажми – 13,9 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми – 14,2 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси белгиланган прогноз кўрсаткичидан ошмади.
    Ўсаётган инвестициялар ҳажми иқтисодиётнинг барқарор юқори сифатлар билан ўсиши ва унинг тузилмасини диверсификациялашнинг энг муҳим манбаи бўлди. Инвестицияларнинг салмоқли қисми иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришга йўналтирилди.
    Ўтган йилда мамлакат иқтисодиётига 11,7 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган инвестициялар жалб этилди, бу 2011 йилдагига нисбатан 14 фоиз кўпдир. Бунда барча инвестицияларнинг 22 фоиздан кўпроғини ёки 2,5 миллиард доллардан ортиғини хорижий инвестициялар ташкил қилди, уларнинг 79 фоиздан кўпроғи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.