Ярашув институти 138 минг нафардан ортиқ кишини қамоқдан сақлаб қолди

timthumb

Ўзбекистонда 2012 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 161 мингдан ортиқ иш кўрилиб, уларнинг 84,7 фоиздан зиёди бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилди. Мазкур қарорлар бўйича даъво талабларининг 89,4 фоиздан ортиғи қаноатлантирилди. Шу билан бирга, 658 миллиард сўмдан зиёд маблағ ундириш ҳақида 1,9 миллиондан ортиқ суд буйруғи чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий судида умумий юрисдикция судларининг 2012 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти натижалари ҳамда истиқболдаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган раёсат йиғилишида айтиб ўтилган. 

Судлар томонидан 2012 йилда кўрилган жиноят ишлари сони 2011 йилга нисбатан 9,9 фоизга, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар сони эса 3,1 фоизга камайди. Айрим жиноят турлари, хусусан, ўғрилик, безорилик, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, қасддан баданга шикаст етказиш, талончилик, босқинчилик ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари ҳам камайди.

2012 йилда ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 12 минг нафардан ортиқ, мазкур институт амалиётга жорий қилинганидан буён эса 138 мингдан зиёд шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.

Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан ҳисобот даврида 89 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган 2700 нафардан зиёд шахсга нисбатан, ушбу қонун ҳаётга татбиқ қилинганидан буён эса 246 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 23 мингдан ортиқ шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.