“Ё Ватан, Ё солиқ!” — Обеликс Россия фуқароси бўлди

asterix-et-obelix-contre-ii03-g

Россия Президенти В.Путин Франция фуқаролигидан воз кечиб, Бельгияга кўчиб ўтган таниқли актёр Жерар Депардьега Россия фуқаролигини бериш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Фармонга кўра, бу борада Жерар Депардьенинг ўзи мурожаат қилган.

Фармонда “Россия Федерацияси Конституциясининг 89 моддаси “а” қисмига асосланиб, 1948 йилда Францияда туғилган Депардье Жерар Ксавиенинг Россия Федерацияси фуқаролигига қабул қилиш ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилсин”, дейилади.

 

Жерар Депардье бундан олдинроқ Францияда жорий этилган янги солиқ ставкалари баландлигига жаҳл қилиб, Бельгияга кўчиб ўтади. Унинг бу қарори ҳукумат ва жамият томонидан жиддий танқид қилингач, Le Monde газетасида мамлакат бош вазирига очиқ хат билан мурожаат қилиб, Франция паспорти ва тиббий суғуртасини қайтариб беришини маълум қилади. Кейинчалик Депардье Россия ёки Черногорияда яшаши мумкинлини қайд этади. Унинг Россия фуқаролигини олиши ҳақида кўп хабарлар тарқалган бўлса-да, расмий тасдиғини топмаётган эди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Франция президенти Франсуа Олланд томонидан илгари сурилган янги солиқ сиёсати французлар ва кенг жамоатчилик томонидан жиддий муҳокама қилинмоқда.

Унинг сайловолди дастурини “популистик” дастур, деб ҳам аташ мумкин. Унда илгари сурилган чора-тадбирлар кўпроқ оддий одамларни хурсанд қилиш учун ўйлаб топилган гўё. Масалан, Президент ва вазирларнинг маошини 30 фоизга қисқартириш, президент қароргоҳи — Елисей саройида яшашдан бош тортиш — буларнинг барчаси “масҳарабоз” президентнинг ўзига хос имижи ҳамдир.

TF1 телеканалига интервью берган Франсуа Олланд йиллик даромади 1 миллион евродан ошадиган французлар учун даромад солиғи ставкаси 41 фоиздан 75 фоизга кўтарилишини маълум қилди. Президентнинг бундай популистик ташаббуси Франция жамиятида кесин музокараларга сабаб бўлмоқда. Айрим экспертлар бу тартиб мамлакатдан миллионерларнинг оммавий равишда чиқиб кетишига сабаб бўлишини таъкидлашмоқда. Улар орасида нафақат бизнесменлар, балки футболчилар, қўшиқчилар, актёрлар ҳам бор. Масалан, Moet Hennessy Louis Vuitton (LVMH) хўжайини, Франциянинг энг бой шахсларидан бири Бернар Арно Бельгия фуқаролигини олаётганлигини тасдиқлади. Унинг бу хатти-ҳаракати сабабли кўпчилик унда ватанпарварлик туйғуси етишмаётганликда айбланди. Арно гарчи ўз бизнеси Францияда қолишини бот-бот таъкидлаётган бўлса-да, бу кенг жамоатчилкининг жиддий танқидига учраши билан баробарида, Франсуа Олланд рақиблари учун айни муддао бўлди.

Ҳозирча ушбу солиқнинг қандай ундирилиши бўйича аниқ кўрсатмалар йўқ. “Le Figaro”нинг ёзишича, ушбу солиқни йиллик даромади 2 миллион евродан ошадиган оилавий жуфтликлардан олиш; мазкур солиқ фақатгина маошдан ушланиши, бошқа даромадлар киритилмаслиги; спортчилар ва “юлдуз”ларга имтиёзлар бериш керак бўлади. Йўқса, унинг оқибатлари мамлакат иқтисодиёти учун оғир асоратларга олиб келади. Бу ерда, айниқса, ватанпарварликдан “ваъз” ўқиш умуман фойдасиздир.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, даромад солиғининг максимал ставкаси Бельгия ва Буюк Британияда 50 фоизни, Германияда 45 фоизни, АҚШда эса 35 фоизни ташкил қилади.

Франсуа Олланднинг бундай қалтис чораларга қўл уриши бежиз эмас, албатта. Гап шундаки, иқтисодий инқироз французларни тежамкорроқ сиёсат юритишга мажбур қилди. У ўз сайловолди кампанияси чоғида давлат бюджети тақчиллигини 2013 йилда 4,5 фоиздан 3 фоизга туширишни ваъда қилган эди.

Франция давлат бюджетига кўра, мамлакатнинг солиқ даромадлари 20 миллиард еврога ортиши, давлат харажатлари эса 10 миллиард еврога камайиши керак. Даромад солиғининг оширишилиши давлат ғазнасига қўшимча 11 миллиард евро келтиради. Бу бюджет тақчиллигининг учдан бир қисмини ёпишга ёрдам беради.

Аммо яқинда Франция конституциявий суди Франсуа Олланднинг бу қароринини конституцияга зид, деб топди ва бекор қилди. Лекин Олланд ўз ниятидан қайтмоқчи эмас.