Хонанда Абдулла Қурбонов лицензиясидан маҳрум бўлди

 ©shov-shuv.uz
©shov-shuv.uz

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонанда Абдулла Қурбоновга берилган лицензиясини бекор қилди. Бу ҳақда бирлашманинг расмий сайтида билдириш берилган.

“Хонанда Қурбонов Абдулла Акбарович томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сонли Қарори ҳамда Лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузиб келинганлиги сабабли хонандага 2013 йил 22 февралда берилган АJ-2326-рақамли лицензиянинг амал қилиши “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан 2013 йил 22 февралдан тугатилганлигини маълум қиламиз”, дейилади расмий билдиришда.

Бирлашма сайти “ Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари ва Ҳукумат қарорлари талабини бажариш ҳар бир хонанда ҳамда санъаткорнинг бурчидир”, деб қайд этади.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ интернетда хонанда маст ҳолатда қўпол оҳангда ички ишлар органлари ходимлари билан мулоқоти туширилган видео пайдо бўлган эди. Хонанда мазкур воқеа бўлиб ўтганини тан олиб, ўз қилмишидан пушаймонлигини shov-shuv.uz сайти раҳбари Жасур Ҳамроев билан суҳбатида  билдирган.