Айримлар ҳали ҳам Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базасини излашмоқда

    44203

    Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа айтишича, Ўзбекистоннинг ОДКБдан чиқишидан Американинг ушбу мамлакатда ҳарбий базаси очилгани ҳақида ахборотлар йўқлигини маълум қилган. «Бундай қарор (базалар бўйича қарор) — Ўзбекистон раҳбариятининг ўз иши. Ҳозирча, билишимча, Ўзбекистон раҳбарияти бундай қарор қабул қилгани йўқ», деди ташкилот бош котиби.

    У, шунингдек, Ўзбекистон ОДКБ учун ўта муҳим шерик эканлигини қайд этиб, унинг иштирокисиз минтақада айрим дастурларни амалга ошириб бўлмаслигини айтиб ўтган. Бордюжанинг фикрича, Ўзбекистоннинг ОДКБдан чиқиши ташкилот фаолиятига жиддий таъсир кўрсатмайди.

    Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти 1992 йилда ташкил топган бўлиб, ўтган йили Ўзбекистоннинг ундан чиқиши туфайли ҳозирда Арманистон, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон аъзо ҳисобланади.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йили расмий ташриф билан Тошкентга келган С.Лавров Ўзбекистоннинг ОДКБга аъзолигини тўхтатиши ҳақиқадаги қарорини таассуф билан тилга олди. “Биз, албатта, бундай қарор қабул қилинганидан афсусдамиз. Аммо бу Ўзбекистоннинг суверен танловидир. Тегишли мурожаат ОДКБ давлатлари раҳбарларига юборилган… Шунга қарамасдан, Ўзбекистон бизнинг иттифоқдошимиз бўлиб қолаверади”, деган эди С. Лавров. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2012 йил 19 декабрь куни Тошкент расман ОДКБдан чиқди.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сўнгги пайтларда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг янада кучайиб бораётгани бошқа бир давлатлар оммавий ахборот воситалари томонидан турлича талқин қилинмоқда. Чунончи, ўтган йили Қозоғистоннинг “Литер” газетаси Американинг Ўзбекистонга бундай катта  эътибор қаратиши Ўзбекистон — АҚШ муносабатларининг истиқболлари билан бевосита  боғлиқ, деб ёзган эди. Яъни АҚШ Ўзбекистонда ҳарбий база очилиши бўйича келишувга эришиши мумкин, деб тахмин қилишган эди. Аммо ўтган йили Ўзбекистон расмий ташриф билан келган АҚШ делегацияси раҳбари Роберт Блейк АҚШ Ўзбекистон ҳудудида ҳарбий база очиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни рад этган эди.

    Ўзбекистон Республикасининг ўтган йили қабул қилинган Ташқи сиёсий фаолияти концепциясига кўра, Ўзбекистон Республикаси қўшни давлатлардаги қуролли зиддиятларга ва танг вазиятларга тортилишининг олдини олиш юзасидан сиёсий, иқтисодий ва бошқа чора-тадбирларни кўради, шунингдек ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди. Бундай стратегик аҳамиятга эга ҳужжатнинг айнан шу кеча-кундузда қабул қилинаётгани ҳам бежиз эмас. Бу биринчи галда мамлакатнинг турли сиёсий ўйинларда иштирок этмаслик (ОДКБ) учун кафолат бўлса, иккинчидан, бугунги сиёсий қалтис бир шароитда мамлакат учун энг мақбул йўллардан ҳисобланади.

    АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жорж Крол “Фарғона” ахборот агентлигига берган интервьюсида Америка Ўзбекистонда ҳарбий база очишни режалаштирмаётганлигини яна бир карра таъкидлаб ўтди. “Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада ҳеч қанақа музокара олиб борилмаган”, деди элчи жаноблари.

    Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлиси Ўзбекистон Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси юзасидан қилган маърузаси чоғи Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг ҳеч қандай базаси ёки шунга ўхшаш объектлари очилмаслигини маълум қилган эди.

    Умуман, Ўзбекистон ҳарбий базалар ва ҳарбий блоклар бўйича ўз муносабатини қатъий илгари сурган бўлиб, аксарият мамакатларда бу борада ҳали ҳам турли саволлар қолаётгани ажабланарли. Чунки Ўзбекистон ва АҚШ барча саволларга жавоб бериб бўлган. Айримлар эса ҳали ҳам Ўзбекистон ҳудудида АҚШнинг ҳарбий базасини изламоқда…

    Мурод ҒОФУРОВ.