Академик Нина Власова вафот этди

©academy.uz
©academy.uz

Ботаника соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги Нина Александровна Власова 83 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Н.Власова 1930 йили деҳқон оиласида туғилган. 1951 йили Ўрта Осиё давлат университетини тугатиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қишлоқ хўжалиги (ҳозирги Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси) институти лаборанти вазифасида иш бошлади. Кейинчалик ушбу институт аспирантурасида таҳсил олиб, 1969 йилда номзодлик, 1976 йилда эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси этиб сайланди.

Истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий фаолияти давомида Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, бош илмий ходим лавозимларида самарали меҳнат қилди ва Ўзбекистонда ботаника фани соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди. Айниқса, унинг ўсимликлар эмбриологияси, цитологияси ва анатомияси, ғўза уруғчилигининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган мақола ва рисолалари кенг жамоатчиликка яхши маълум.

Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган заҳматкаш олимнинг бевосита раҳбарлигида ўндан ортиқ фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланди.

Академик Нина Власова вафоти муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов, Олий Мажлис Сенати Раиси Илгизар Собиров, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Дилором Тошмуҳаммедова, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Ш.Солиҳов ва бошқалар расмий таъзия билдиришди.