Буюк Британия Ўзбекистонга қурол-яроғ сотиши мумкин

5284

Буюк Британия Ўзбекистонга ҳарбий техникалар сотади. Бунинг учун Ўзбекистон ушбу мамлакатнинг Афғонистондаги ҳарбий контингенти ва техникасини ўз ҳудуди орқали хавфсиз олиб чиқиб кетишини таъминлаши керак бўлади. Бу ҳақда Times нашрига асосланиб, BBCRussian.com сайти хабар тарқатди.

Буюк Британия мудофаа вазири Филипп Ҳаммонднинг таъкидлашича, икки давлат ўртасида имзоланган битимга кўра, британияликлар Ўзбекистон авто ва темир йўлларидан фойдаланган ҳолда ўз ҳарбий қўшин ва аслаҳаларини олиб чиқиб кетиши мумкин. Мудофаа вазири Ўзбекистон қандай ҳарбий техникаларни харид қилиши хусусида ҳеч қанақа изоҳ бермаган. Вазир Буюк Британиянг ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги Ўзбекистоннинг чегарада хавфсизликни таъминлаши учун айни муддаодир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўтган йили декабрь ойида бўлиб ўтган ялпи мажлисида маъқулланган қонунга кўра, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қўшма қироллиги ҳарбий ҳаво кучлари Ўзбекистон ҳудудидан транзит мақсадларида фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда РИА Новости хабар берган эди.

Қонун талабларига кўра, Ўзбекистон Буюк Британиянинг Афғонистонда хавфсизликни таъминлаш миссиясида иштирок этаётгани учун, шунингдек, бир қатор халқаро ҳужжатлар талаблари асосида ўз ҳаво кенгликларидан фойдаланишга рухсат берган. Шу билан бирга, Буюк Британия  ҳаво кучлари Ўзбекистон ҳудудига қўнмасдан транзит сифатида фойдаланиши керак.

Бундан аввалроқ АҚШ ҳарбий маъмурияти Афғонистондан ўз контингентини олиб чиқиб кетиш бўйича Марказий Осиё давлатларининг аксарияти, хусусан, Ўзбекистоннинг ҳам розилигини олган.  АҚШнинг Афғонистонда 46 минг ҳарбий техника, шунингдек, 100 минг контейнер юки бўлиб, унинг қиймати 49 миллиард долларни ташкил қилади.

Буюк Британия ҳар куни Афғонистондан 80 тоннадан ортиқ ҳарбий техника ва қурол-яроғни олиб чиқишни режалаштиряпти. Юкларнинг умумий миқдори 6500 контейнерга тўғри келади. Сўнгги маълумотларга кўра,11 йил давомида Британия контингенти Афғонистонга 2600га яқин ҳарбий техника олиб келган.