Депортация муаммо ечими эмас

illegal

The Hill газетаси буюртмаси асосида Pulse Opinion Research тадқиқот компанияси томонидан ўтказилган сўровга кўра, аксарият америкаликлар ноқонуний иммигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишга қарши экан.

Аммо иштирокчиларнинг кўпчилиги чегараларда хавфсизлик чораларини кучайтириш зарурлигини уқтиришган. Бу сўровлар ҳам Барак Обама маъмурияти ва Сенат томонидан алоҳида-алоҳида тартибда илгари сурилган иммиграция ислоҳотларининг нақадар мураккаблигини кўрсатади.

Сўровда қатнашганларнинг 67 фоизи Америкада яшаб ишлаётган 11 миллион нафарга яқин ноқонуний иммигрантларнинг мамлакатда яшаш ҳуқуқини олишини қўллаб-қувватлашини айтган. 47 фоизи уларнинг АҚШ фуқаролигини олишга қўшимча механизмлар яратилишини ҳам қўллашини маъқул қилган. Уларнинг депортация қилишга эса бор-йўғи 27 фоиз сўровда қатнашган америкаликлар розилик билдирган.

64 фоиз сўровда қатнашганлар АҚШ чегаралари белгиланган тартибда ҳимоя қилинмаслигини ва давлат хавфсизлигини таъминлай олмаслигини кўрсатиб ўтган. Бу натижалар, ўз навбатида, Сенат томонидан илгари сурилган иммиграция ислоҳотларининг оммалашишига хизмат қилиши мумкин. Чунки улар нелегалларга фуқароликка йўл очиш билан бирга, чегарани мустаҳкамлашни ҳам кўзда тутади. Обама ҳам чегараларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлса-да, буни ноқонуний иммигрантларни легаллаштиришга алоқаси йўқ, деб ҳисобламоқда.

Нелегалларнинг АҚШ фуқаролигини олиш масаласини демократларнинг 62 фоизи қўллаб-қувватласа, республикачиларнинг 32 фоизигина хайрихоҳлик билдирган. Ноқонуний иммигрантларни депортация қилишга эса 16 фоиз демократлар, 39 фоиз республикачилар ундашмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 41 фоизи Обаманинг иммиграция ислоҳотларини, 39 фоизи Сенатникини қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ Сенатининг саккиз нафар аъзоси Америка иммиграция тизимини тубдан ислоҳ этишни кўзда тутувчи ташаббусни илгари сурди. Унга кўра, АҚШда яшаётган иммигрантлар мамлакат фуқаролигини олиши мумкин. Лекин бунинг учун чегара назорати кучайтирилиши талаб қилинади. Мазкур ташаббусга кўра, ноқонуний иммигрантлар аввалига доимий яшаш ҳуқуқини, сўнгра фуқаролик масаласини ҳал қилиш имкониятига эга бўлишади. АҚШга болалигида келиб қолган иммигрантлар эса тезлаштирилган тартибда бу жараёнга жалб қилиниши мумкин.

Орадан бир неча кун ўтиб, Барак Обама маъмурияти ҳам иммиграция ислоҳотларини эълон қилди. Унга кўра, ноқонуний иммигрантлар рўйхатдан ва махсус текширувдан ўтишади. Тегишли тартибда жарима, зарур бўлса, солиқ ҳам тўлайди. Орадан саккиз йил ўтиб, бундай иммигрантлар доимий яшаш ҳуқуқини олиши, ундан беш йил ўтиб эса Америка фуқаролигини олишлари мумкин.