Депутатлар туризм соҳасидаги ишларни танқид қилишди

    ©UzA/parliament.gov.uz
    ©UzA/parliament.gov.uz

    Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишнинг бориши тўғрисидаги парламент эшитуви бўлиб ўтди. Ушбу масала юзасидан “Ўзбектуризм” миллий компаниясининг раиси Ф.Ризаев ахборот берди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати маълум қилди.

    Унда қайд этилишича, ҳозирги вақтда республида 865 туристик ташкилот фаолият кўрсатмоқда. 2012 йилда саёҳатчилар сонининг ўсиши 2011 йилга нисбатан 17,5 фоизга, чет эллик туристларга хизмат кўрсатишдан тушган даромадлар 15 фоизга ўсди.

    Депутатларга кўра, саёҳатчилар оқимининг асосий қисми ҳамон Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига тўғри келмоқда. Мамлакатнинг бир қатор истиқболли минтақаларида инфратузилмани изчил ривожлантиришга етарли даражада эътибор қаратилмаётир. Туризмнинг таълим, илмий, экологик, спорт-соғломлаштириш туризми каби турларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарур. Кўрсатилаётган сервис хизматларининг сифатини, саёҳатчиларни жалб этишнинг замонавий самарали шакл ва усулларидан фойдаланишни, миллий туристик индустрияга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасидаги ишларни ҳам яхшилаш лозим.

    Депутатлар туризм соҳасидаги миллий қонун ҳужжатларининг қоидаларини янада такомиллаштириш зарурлигини, жумладан, 1999 йилда қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги қонунга халқаро ва миллий туристик бозорда, халқаро ҳуқуқни тартибга солиш соҳасида юз берган сифат ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда, ўзгартишлар киритиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Ҳозирги вақтда туристик фаолият жуда кўплаб ҳавола этувчи нормалардан иборат бўлган мазкур қонундан ташқари, тизимлаштириш ва кодификация қилишни талаб қилувчи 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ҳам тартибга солинади.

    Депутатларнинг фикрига кўра, туризм соҳасидаги ягона давлат сиёсати асосларини ишлаб чиқиш, бу соҳага чет эл кредитлари ва инвестицияларини жалб этиш, шунингдек, Туризмни янада ривожлантиришнинг узоқ муддатли Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мамлакатимизнинг туристик индустрияси рақобатдошлигини оширишга кўмаклашган бўлар эди.