Красноярскда беш нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди

     www.mchs.gov.ru
    www.mchs.gov.ru

    Шу йилнинг 22 февраль куни Россия Федерациясининг Красноярск ўлкасида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. РФ ички ишлар вазирлигининг ўлка бош бошқармаси матбуот хизмати тарқатган хабарда келтирилишича, 22 февраль куни соат 19 атрофида Татарка дарёси устидаги кўприкда “Газель” ва “Мерседес” русумидаги микроавтобус тўқнашиб кетади. Воқеа жойида “Газель”да бўлган ҳайдовчи ва тўрт нафар йўловчи ҳалок бўлган. “Мерседес” ҳайдовчиси маҳаллий касалхонага олиб борилган. Аммо у ҳам кейинчалик ҳалок бўлган.

    Сўнгги маълумотларга кўра, “Газель”да бўлган ҳайдовчи ва йўловчиларнинг барчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Уларнинг қариндошларини мазкур ҳодиса юзасидан воқиф қилиш учун Ўзбекистон элчихонаси ва Ўзбекистон ички ишлар вазирлигига тегишли маълумотлар юборилган. Ушбу йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлган омиллар ўрганиб чиқилмоқда. Яқин кунларда ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиши кутилмоқда.

    “Интер-факс” ахборот агентлиги тарқатган хабарда келтирилишича, Ўзбекистон фуқаролари қаердан келаётгани ва қаерга бораётгани номаълум. Улар Красноярскни кесиб ўтаётган бўлишган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг энг каттаси 37 яшар, ҳайдовчи 25 яшар, икки нафари 21 яшар, бир нафари 21 яшар бўлган.