Соатига камида 9 доллар. Камбағал орзуси, ҳукумат ваҳимаси, иқтисодчилар прогнози

2013 йилнинг 1 январидан Америка Қўшма Штатларининг қарийб ярмида соатбай тўланадиган иш ҳақининг миқдори оширилган. Мутахассисларнинг фикрича, ҳукумат бундай қарорни мамлакатдаги иқтисодий салоҳиятнинг яхшиланиб бориши билан қабул қилишмоқда. Шуни айтиб ўтиш керакки, шу йилнинг бошидан АҚШнинг 13 штатида, чунончи, Мэриленд, Нью-Йорк, Нью-Жерси ва Гавайя оролларида соатбай иш ҳақи оширилди. Тўғриси, Нью-Жерси штати губернатори, республикачи Крис Кристи соатбай иш ҳақини 1,25 долларга, яъни 8,5 долларга ошириш ҳақидаги қонун лойиҳасини маъқулламади, балки бор-йўғи бир долларга рози бўлди. Ўз навбатида, бундай таомил сўнгги уч йил давомида амалга татбиқ этилади.

Яна тўққиз штатда иш ҳақи автоматик тарзда кўтарилди. Уларда бу кўрсаткич соатига 10 ва 35 центни ташкил этди. Род-Айленд маҳаллий қонун чиқарувчи органи эса “минимал ойлик”ни соатига 7,4 доллардан 7,75 долларга оширишга қарор қабул қилди.

Бошқа штатларда ҳам иш ҳақини кўтариш масаласи ҳозирги кунда кўриб чиқилаётган бўлса-да, жиддий муҳокама ва музокарага сабаб бўлмоқда.  Федерал миқёсда соатбай иш ҳақи 2009 йилда 5,15 доллардан 7,25 долларга кўпайтирилган эди.

0477c8c3500d5a05290f6a706700bdd4

Конгресснинг таълим ва меҳнат масалалари бўйича қўмитаси ҳузуридаги демократлар билан алоқалар бўлими директори Аарон Олбрайт бугунги кунда иш ҳақи масаласида штатлар ва федераль ҳукумат даражасида биргаликда иш олиб борилаётганини ҳамда жойлардаги ҳукуматлар иш ҳақини ошириш зарурат эканлигини англаб етишмоқда, деб қайд этади.

“Кам таъминланган ишчилар қўшимча маблағларни, шубҳасиз, ўзлари яшаётган ҳудудда сарфлашади, шу билан маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашади”, деди Нью-Йоркдаги Abundance Cooperative Market менежери Жим Де Лука. Ушбу магазин маъмурияти 2011 йилда ходимлар учун энг кам иш ҳақини 8,75 долларга оширишган эди. Ваҳоланки, бу даврда Нью-Йоркда энг кам иш ҳақи соатига 7,25 доллар эди.

Айни пайтда иш ҳақини оширишга қарши чиқувчилар бу ташаббус яхшиликка олиб келмаслигини уқтиришади.Чунончи, Employment Policies Institute тадқиқотлар бўлими директори Майкл Сальцман фикрича, ойлик маошнинг оширилиши компанияларни иш вақтини қисқартириш ҳамда ишчиларни бўшатишига олиб келади.

California Small Business Association вакили Ник Анастасопулоснинг фикрича, энг кам иш ҳақи оширилиши керак. Аммо бу, шубҳасиз, истеъмолчилар чўнтагига зарардир.

АҚШ меҳнат статистикаси бюроси маълумотларига кўра, 2011 йилда Америкада 73,9 миллион киши соатбай ҳақ олиб ишлаган. Улардан бор-йўғи 1,7 миллион нафари айнан энг кам миқдорда маош олган, холос. 2012 йилнинг сентябрида хусусий секторда тўланган ўртача соатбай иш ҳақи қарийб 24 долларни ташкил этди. Бу 2009 йилдаги кўрсаткичдан 6 фоизга кўпдир.

Маълумки, АҚШ Конгрессида йил якунлари ва 2013 йилдаги устувор вазифалари бўйича  “Мамлакатдаги вазият хусусида” маъруза қилган Барак Обама соатбай иш ҳақини инфляцияга қараб, 7,25 доллардан 9 долларгача оширишни таклиф қилди.

Нобель мукофоти совриндори, дунёнинг кўзга кўринган иқтисодчиларидан бири Пол Кругман Обаманинг ушбу ташаббуси ҳақида The New York Times газетасидаги колонкасида ёзади: “{Обама} ўз маърузасида бир қатор яхши ғояларни ўртага ташлади. Афсуски, уларнинг қарийб барчаси маблағ талаб қилади…” 101006_paul_krugman_reuters_328

Гарчи иқтисодиёт бўйича барча дарсликлар энг кам иш ҳақи миқдорини оширишга мажбурлаш бизнес юкини оғирлаштирса-да, Кругманнинг фикрича, бу жуда ҳам яхши ният. “Чунки, — дейди Кругман, — ҳозирги энг кам иш (соатбай) ҳақи барча ақл билан ишлаб чиқилган стандартлардан камдир. Иш ҳақини ошириш инфляция қўрқуви боис бир неча ўн йил давомида орқага суриб келинади. Аслида ҳозирги кундаги энг кам иш ҳақи 60-йиллардаги энг кам иш ҳақидан оздир. Ваҳоланки, меҳнат унумдорлиги  бу даврда 2 баравар ошди. Шундай экан, маошни оширишнинг вақти етиб келмадими?”

Иш ҳақини ошириш иш ўринларининг қисқаришига олиб келади, деган фикрга Кругман ўз эътирозини билдиради. АҚШ иқтисодиёти жуда кўп таҳлил қилинган, ойлик маошлар неча марталаб оширилган бўлса, бундан кўчага ишчи-ходимлар кўчага улоқтирилмаган. Унинг фикрича, инсонлар ўртасидаги муносабатлар иқтисодиёт қонунларига кўп ҳам буйсунавермайди.

Ойликнинг маошнинг оширилиши “энг кўп ишлайдиган ва энг кам пул оладиган”ларга ижобий таъсир кўрсатади, деди иқтисодчи.

Пол Кругманнинг фикрича, “Обаманинг энг кам иш ҳақини ошириш бўйича ташаббуси — яхши иқтисодиёт. Бу яхши сиёсат ҳам: бу йўл билан асосий овоз берувчи электоратнинг маоши оширилмоқда, шу жумладан, республикачиларни қўллаб-қувватлайдиган аёлларнинг (эркакларнинг эмас) ҳам (аёллар эркакларга нисбатан кам маош олиши кўзда тутилмоқда). Ўз навбатида, Конгрессда республикачилар ҳар қандай “ошириш”ларга қарши чиқишмоқда. Нима учун? Уларнинг фикрича, бу ўз ишини йўқотиши мумкин бўлган одамларни безовта қилмоқда. Аммо бунга у даражада ишониб бўлмайд”.