Обамадан яна бир саҳна асари: дарз кетган ишонч ва сохта табассум

capture38

АҚШ президенти Барак Обама янги таркибда сайланган Америка конгресси олдида ўз президентлигининг иккинчи муддатининг илк йилида биринчи марта анъанага мувофиқ маъруза қилди.

Маъруза матни ва видеосини томоша қилинг.

Обама ўзининг йиллик маърузасида ўзининг сайловолди платформасида илгари сурилган таклифларни яна бир карра ёдга олиб ўтди, десак муболаға бўлмайди. У ишсизликка қарши курашиш учун барча саъй-ҳаракатларини йўналтиришини маълум қилди.Обама, шунингдек,соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш, қурол-яроғ устидан назоратни кучайтириш, эркак ва аёллар тенглигига эришиш, миграция сиёсатини тубдан ўзгартириш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашишга ваъда берди.

Президент-демократ ўз ҳукумати “йирик” эмас, балки “ихчам ҳамда самарали” бўлишини, у “камсонли америкаликлар” учун эмас, балки “кўпчилик учун” хизмат қилишини маълум қилди.

Обама парламент олдида чиқиш қилар экан, унинг авлоди “Америка иқтисодий тараққиётининг ҳақиқий двигатели — ривожланувчи ва салоҳиятли ўрта синфни” кенгайтириши кераклигини айтиб ўтди. Иқтисодий ўсиш суръатларини ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш “биз учун қутб юлдузи, ҳамма саъй-ҳаракатларимиз унга қаратилган”, деди у жумладан. Унинг фикрича, у таклиф этаётган иқтисодий ислоҳотлар давлат бюджетига “бир чақа” ҳам тақчиллик келтирмайди.

Обаманинг иқтисодий йўналишдаги фикрлари кўпчилик учун кутилмаган бўлмади. Чунки у сайловолди кампанияси чоғида иккинчи муддати давомида саноат соҳасида миллиондан ортиқ иш ўринлари яратишни ваъда қилган эди. Аммо республикачилар президентнинг иқтисодий сиёсатига жиддий қаршилик кўрсатишмоқда. Уларнинг фикрича, Обама давлат бюджетини қисқартириш борасида аниқ чораларга қўл урмаяпти.

Обаманинг конгрессда қилган маърузаси моҳиятидан шу нарсани сезиш мумкин эдики, у ўз президентлигининг иккинчи муддатида ташқи сиёсат масаласига алоҳида эътибор қаратса-да, у учун дастлабки бир-икки йил асосий эътибор ички сиёсатга қаратилади. Буни маърузанинг мақсадидан билиш мумкин эди. Биргина унинг иқтисодиёт, иммиграция ва қурол назорати бўйича ислоҳотни амалга ошириш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиши керак бўлади. Айниқса, сайловлардан кейинги обрўсидан фойдаланиб  қолиши мақсадга мувофиқдир.

Обама ташқи сиёсат борасида Американинг масъулияти хусусида фикр билдириб, Америка 2014 йил охирига қадар Афғонистондан ўз ҳарбий контингентини олиб чиқиб кетишини маълум қилди. Лекин 2014 йилдан сўнг яна қанча ҳарбий аскар қолиши ва унинг ҳуқуқий асосий қандай бўлиши ноақинлигича қолмоқда.

Обаманинг ташқи сиёсат ҳақида бу даражада суст гапириши — унинг истиқболдаги фаолияти билан узвий боғлиқдир. Гап шундаки, Обама 2009 йилда қилган худди шундай маърузаси 94 абзац бўлса, уларнинг 8 таси, 2010 йилда 105 тадан 8 таси, 2011 йилда 111 тадан 17 таси, 2012 йилда 109 тадан 18 таси ташқи сиёсат масалаларига бағишланган эди. Бу йилги маърузадаги 88 та абзацдан 13 таси ушбу йўналишдаги вазифаларга бағишлангани ҳам унинг келажакдаги режаларидан далолатдир, деб ёзади Time журнали.

Республикачилар партиясидан сенатор, 2016 йилги сайловларда АҚШ президентлигига республикачилардан асосий номзодлардан бири сифатида кўрилаётган Марко Рубио президентнинг иқтисодий сиёсатига қарши эканлигини билдириб, “Мен сизнинг режангизга бойларни ҳимоя қилганим учун қарши эмасман, балки мен ўз қўшниларимни ҳимоя қилаётганим учун сизнинг режангизга қаршиман”, деди у.

Умуман, Обаманинг кечаги маърузаси конгрессда республикачилар ва демократлар ўртасига озгина бўлса-да илиқлик югуртирди, дейиш мумкин. Умуман, Обама маърузасининг асосий қисми партиялараро “кўр-кўрона” рақобатга барҳам беришга бағишланганини ҳам айтиб ўтиш керак.

Обама ўз маърузасини Жон Кеннедининг 51 йил муқаддам конгрессда айтган сўзлари билан бошлади: “Конституция бизга ҳокимиятга эришиш учун эмас, балки Американи тараққий эттириш учун рақобат қилиш ҳуқуқини берди”… Бу, шубҳасиз, икки партия ўртасида даҳанаки жангларга барҳам бериш, пировардида, Америка учун зарур қонунларни қабул қилишга қаратилгандир.

Умуман, республикачилар ҳам, демократлар ҳам бир-бирига яқин ўтиришди, Обама яқинда юрак хуружини бошидан ўтказган республикачилар партиясидан сенатор Марк Кирк билан гаплашди, демократлар ва республикачилар президентнинг маърузасини гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.

Мамлакат олий судининг олти нафар судьяси ҳамда бирлашган қўмондонлик вакиллари эса бутун маъруза давомида сукунат сақлаб туришди: бу улар партиялараро рақобатдан холи эканлигига урғу эди.

Умуман, Обаманинг конгресс олдида қилган чиқиши ўзига хос сценарий бўлди. Бу сценарийга кўра, дунё Америка партияларнинг аҳмоқона тортишувига эмас, балки мамлакат тадқири учун бирлаша олиши, ўта муҳим масалаларда якдил эканлигини кўрсатиш — кейинги пайтларда америкаликлар ва халқаро бизнес доираларда ўсиб бораётган шубҳаларни бироз бўлса-да, пасайтиришга ўхшаб кўринди…