«Қосимов шогирдларига шу кеча бироз омад етишмади»

hongkong_06022013
the-uff.com

6 февраль куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги-2015 саралаш «Е» гуруҳи 1-тур учрашувлари доирасида Тошкентдаги «Пахтакор» марказий стадионида Гонгконг миллий терма жамоасини қабул қилди. Ўйин 0:0 ҳисобидаги дуранг натижа билан якунланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайти хабар тарқатди.   «Ўйин деярли бутун Ўзбекистон миллий терма жамоаси ташаббуси остида ўтди. Ўзбекистонлик футболчилар ўйин давомида ўндан ортиқ бурчак зарбаларини амалга оширишди, рақиб дарвозаси томон жуда кўп зарбалар йўлланди. Жумладан, ўйин якунланишига 6 дақиқа қолганида Одил Аҳмедовнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Қўшимчасига, 58-дақиқадан бошлаб, Гонгконг терма жамоаси майдонда бир киши кам бўлиб ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Бироқ барча уринишлар бесамар кетди. Қайд этиш жоиз, Қосимов шогирдларига шу кеча бироз омад етишмади», деб ёзади федерация сайти.

Ўйиндан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов, жамоа қулай вазиятлардан фойдалана олмагани учун ғалабани қўлдан чиқарганини тан олди. «Бугун биз ғалаба қозонишимиз шарт эди, бироқ бундай бўлмади. Бунга ўзимиз айбдормиз. Биринчи таймни ёмон ўтказди. Бизга тезкор гол керак эди ва ўша голни ура олганимизда, ўйин умуман бошқача ривожланарди. Мухлислардан узр сўрайман. Биз ушбу ўйинда ғалаба қозонишни хоҳлагандик, бироқ якунда фақат бир очко ишладик», – дея қайд этди Қосимов. «Натижа бундай кўриниш олганига қарамай, мен бундан фожеа ясамаган бўлардим. Шунингдек, мухлисларга ҳам мурожаат қилиб, уларни шошилинч хулосалар чиқармасликка чақирган бўлардим. Бугун биз мавсумдаги илк ўйинимизни ўтказдик. Бизда келаси ўйинларга тайёргарлик кўриш ва ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни кўрсатиш учун ҳали вақт бор. Бундан ташқари, Гонгконг терма жамоасига қарши ўйин ўзимизнинг муаммоларимизни билиб олиш учун яхши бир имкониятдир. У бизнинг ўйинимизга тузатишлар киритишга ёрдам беради», – дея давом этди Қосимов.

Гонгконг терма жамоаси бош мураббийи Ким Пан Гон аввало, Ўзбекистонга қарши ўйин натижасидан фахрланишини таъкидлади. «Ғалаба қозона олмадик, бироқ ўйнимиз ва натижадан фахрланамиз. Бизнинг футболчиларимиз Гонгконг-Хитой руҳияти ўзбекларга қанчалик кучли эканлигини яна бир карра кўрсатиб беришди. Шу билан бирга бугунги ўйинда рақибдан кўп нарса ўрганганимизни таъкидламоқчиман», – деди Ким Пан Гон.

Осиё Кубоги-2015 саралаш босқичининг навбатдаги тур ўйинлари 22 март куни бўлиб ўтади. Шу куни Миржалол Қосимов қўл остидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси БААга сафар қилса, Гонгконг терма жамоаси ўз майдонида Вьетнамни қабул қилади.