Оскардан сиёсийлашган шоу

oscars_argo_480x360

Кеча Лос-Анжелесда Америка кино санъати кадемияси 85-“Оскар” мукофоти совриндорларини эълон қилди. Мазкур шоуни ABC канали дунёнинг 225 мамлакатига тўғридан-тўғри намойиш этди.

Бу йилги Оскар мукофотига тақдим этилган фильмлар рўйхати яққол фаворитларга бой эмас эди. Шу боис сиёсий триллер “Арго операцияси”нинг “Энг яхши кино” номинацияси бўйича ғолиб бўлгани кўпчиликни ажаблантирмади. Аксарият кино мухлислари “Арго”нинг бош совринни қўлга киритишини сиёсийлашган, деб ҳисоблашмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Бен Аффлекнинг мазкур кинокартинаси Эронда бўлиб ўтган 1979 йилги инқилоб пайтида АҚШ элчихонаси ходимларининг қутқарилишига бағишланган бўлиб, ўша вақтдаги кадрлар ва суратларни жонлантиришга ҳаракат қилишган.

“Энг яхши режиссёр” номинациясида эса “Пининг ҳаёти” фильмини суратга олган Энг Ли лойиқ деб топилди. Фильм фалсафий-драматик руҳда бўлиб, унда инсон иродаси, ҳаёт йўли ва ишонч, эътиқод ўзига хос тарзда намойиш этилган. Кўпчилик киномунаққидлар “Пининг ҳаёти”ни ижобий баҳолашган.

 “Энг яхши аёл роли” номинациясида “Оскар” ҳайкалчаси “Менинг йигитим — руҳий касал” кинокартинасида бош ролни ўйнаган Женнифер Лоуренсга насиб қилди.

“Энг яхши эркак актёр” номинациясида “Линкольн” фильмида Авраам Линкольн ролини ўйнаган Дениел Дей-Льюисга тенг келадигани топилмади.

“Чет тилдаги энг яъши фильм” номинациясида эса Михаэл Ханекенинг “Севги” кинокартинаси “Оскар”га лойиқ кўрилди. Ушбу фильм Канн кинофестивалида ҳам муваффақият қозонган эди. Францияда эса у йил фильми бўлган эди.

“Энг яхши оригинал сценарий” номинациясида “Озод қилинган Жанго”фильмини суратга олган Квентин Тарантинога насиб этди. Жанго “Олтин глобус” ва BAFTAни ҳам қўлга киритган эди.