Рим папаси Бенедикт XVI католик черкови раҳбарлигидан кетмоқчи

©Reuters/Alessandro Bianchi
©Reuters/Alessandro Bianchi

Католик черкови понтифики, Рим папаси Бенедикт XVI бугун Ватиканда ўтказилган йиғилишда шу йилнинг 28 февраль куни тахтдан воз кечишини маълум қилди. Бунга қарилигини ҳамда соғлиғи ўз миссиясини бажаришга ҳалақит бераётганини сабаб қилиб кўрсатган. Унинг бу қарори католиклар учун кутилмаган янгилик бўлди. Ҳатто Ватикан мулозимлари ҳам бу хабардан эсанкираб қолган, деб ёзмоқда хориж оммавий ахборот воситалари.

1927 йилда таваллуд топган Рим папаси шу йилнинг 16 апрель куни 86 ёшни қарши олади.

Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, Рим католик черковининг янги раҳбари бўйича сайловлар шу йил марти ойининг охирига қадар бўлиб ўтади. Экспертлар фикрича, Ватикан тахтига даъвогарлар бир неча киши бўлиши мумкин, аммо уларнинг ҳеч бири яққол ажралиб турмаслиги мумкин.

Айни чоғда букмекерлик конторалари янги Рим папаси ким бўлиши мумкин, деган савол остида ставкаларни қабул қила бошлаган.

Бенедикт XVI Ватикан тарихидаги энг кекса понтификлардан бўлиб, тахтга 78 ёшида сайланган эди. Айни чоғда кўнгилли тарзда Ватикан тожидан воз кечиш учун ушбу давлат тарихида сўнгги 600 йил давомида кузатилмаган эди.

Европадаги аксарият давлатлар раҳбарлари Бенедикт XVIнинг қарори бўйича ўз муносабатларини билдиришди. Хусусан, ГФР канцлери Ангела Меркель унинг қарорини ҳурмат қилишини таъкидлаган. Буюк Британия бош вазири ҳам Бенедикт XVI шаънига илиқ фикр билдирган.