Россия ва Украинага поездда бориш нархлари 20 фоизга арзонлаштирилди

afisha.uz
afisha.uz

Шу йилнинг 26 февралидан 1 июнига қадар МДҲ мамлакатларидан Россия ва Украинанинг Москва, Санкт Петербург, Саратов, Новосибирск, Свердловск, Оренбург, Уфа,  Харьков шаҳарларига борувчи ўзбекистонлик  йўловчилар 20 фоиз арзон нархда темир йўл чипталарини харид қилиши мумкин. Бу ҳақда podrobno.uz сайти “Ўзтемирйўлйўловчи” очиқ акциядорлик жамияти маълумотига таяниб хабар берди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, февраль ойидан Россия Федерация шаҳарларига янги темир йўл қатновлари йўл қўйилган эди. Чунончи, 4 февралдан ҳафтасига бир марта Тошкент — Волгоград йўналиши бўйича темир йўл қатнови амалга оширилади. Шунингдек, Тошкент — Москва йўналиши бўйича қўшимча тезкор рейс ташкил этилди. У ҳафтанинг сешанба куни Тошкентдан йўл олади.

2012 йилда  “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг  темир йўл бекатларидан 62 млн. тонна юк жўнатилиши таъминланди.  Компания поездларида 11,4 млн. тоннадан ортиқ транзит юклар ташилди.  Республикага 10,5 млн. тонна импорт юклари ташиб келинди, экспорт юкларни ташиш ҳажми 622 минг тоннага ёки 110,2 фоизга кўпайиб, 6,7 млн. тоннани ташкил этди.