Суриядан Ўзбекистон фуқаролари эвакуация қилинади

Ilyushin Il-76 (3)

Россия Федерацияси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар бўлиб ўтаётган ҳудудлардан қочоқларни олиб чиқиш учун иккита самолёт жўнатди, деб хабар беради «Известия» газетаси.

Газетага кўра, 19 февраль куни Россия байроғи остида учган ИЛ-62, ИЛ-76 русумидаги самолётлар Сурия ҳудудига гуманитар юкларни етказиб, қочоқларни олиб қайтиши мўлжалланмоқда. Вазирлик маълумотларига кўра, Сурияда ушбу самолётлар орқали 154 нафар кишини олиб чиқиш кўзда тутилмоқда. Уларнинг 54 нафари аёллар, 65 нафари болалардир. Қочоқларнинг аксарияти россияликлар бўлса-да, қочоқлар орасида 11 нафар Украина, 10 нафар Белорусь, 2 нафар Ўзбекистон, 9 нафар Қозоғистон ва Қирғизистондан оилалар бор.

Улар Россияга олиб келингач, ўз ватанларига юборилади. Газетанинг ёзишича, айрим қочоқларда ўз ватанларига қайтишда муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Шуни айтиб ўтиш керакки, Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 22 январда 150 нафар кишини Суриядан олиб чиқиб кетган эди.

Газетанинг ёзишича, агар Сурияда вазият ёмонлашишда давом этса, ушбу ҳудуддан 60 минг нафардан ортиқ МДҲ мамлакатлари фуқароларини олиб чиқиб кетиш талаб қилинади.

Сурияда икки йил мобайнида давом этаётган фуқаролик уруши натижасида шу кунга қадар 70 минг нафардан ортиқ киши вафот этгани БМТ ҳисоботларида қайд этилади.