“Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётларида носвой чекиш тақиқланди

50721_original

Ўзбекистон Республикаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғининг буйруғи (pdf) билан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” хизматларидан фойдаланиш талаблари ўзгартирилди. Унга кўра,  йўловчи ҳаво кемаси ичида гиёҳванд моддаларни, тамаки маҳсулотларини (носвой ва бошқаларни ҳам) истеъмол қилиши, шунингдек, электрон сигаретлардан фойдаланиши, ташувчи томонидан истеъмол учун таклиф қилинган белгиланган меъёрдан ташқари, шунингдек, бож олинмайдиган савдо дўконларидан сотиб олинган алкоголь истеъмол қилиши тақиқланади.

Кейинги пайтларда йўловчилар, айниқса, маст йўловчилар самолётлар парвозига жиддий ҳалақит бераётган ҳолатлар кўп учрамоқда. Хусусан, ўтган ҳафта Москвадан Таиландга учган “Аэрофлот” компаниясига тегишли самолёт маст йўловчининг ҳаракатларидан сўнг Тошкент халқаро аэропортига қўнишга мажбур бўлган эди. Йўловчи ва унинг турмуш ўртоғи Ўзбекистон ички ишлар ходимлари ихтиёрига топширилган эди. Ушбу воқеадан сўнг Россияда йўловчиларнинг “қора рўйхати”ни ишлаб чиқиш, ҳаво кемаси бортида ичишни тақиқлаш бўйича таклифларнинг ўртага ташланишига олиб келди.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Европа, Америка, Яқин Шарқ, Осиё мамлакатларидаги 21 шаҳарга, МДҲдаги 22 шаҳарга, шунингдек, 11та маҳаллий йўналишлар бўйича парвозларни амалга оширади.Ўтган йили авиакомпания 2,6 миллион йўловчини манзилига етказган.