Ўзбекистон президенти конгрессменларни қабул қилди

 7797

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 19 февраль куни Оқсаройда Америка Қўшма Штатлари Конгресси Вакиллар палатасининг Европа ва Евроосиё бўйича қуйи қўмитаси раиси Дэйна Рорабахер ҳамда конгрессменлар Пол Кук, Тед По ва Брайан Хиггинсдан иборат делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Америкалик конгрессменлар гуруҳи мамлакатлар парламентарийлари ўртасидаги мунтазам мулоқотлар доирасида Тошкентда меҳмон бўлиб турибди.

Ислом Каримов АҚШ Конгресси делегацияси аъзоларини Ўзбекистонга ташрифи билан қутлар экан, айни вақтда мамлакатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларни қамраган ҳамда миллий манфаатлар инобатга олинган, муштарак вазифаларни бажаришга қаратилган истиқболли икки томонлама ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади.

Томонлар давлатлараро миқёсда ва икки мамлакат ишбилармонлари доирасида узоқ муддатли Ўзбекистон-АҚШ алоқаларини янада ривожлантиришдан бирдек манфаатдор эканликларини қайд этиб, ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, илғор технологиялар ва мавжуд ресурсларни жалб қилган ҳолда ўзаро манфаатли сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашдилар.

Конгрессменлар самимий қабул ҳамда икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик масалаларни конструктив руҳда муҳокама этиш имконияти яратилгани учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик изҳор этдилар.

Учрашувда узоқ муддатли ва барқарор ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш икки давлат ва халқларимизнинг туб манфаатларига мос келиши таъкидланди.

Меҳмонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тиклаш, ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш борасида кўрсатаётган ёрдами АҚШ томонидан юксак қадрланишини қайд этдилар.