Ўзбекистон Россиядаги иммигрантлар тақдирига расман эътибор қарата бошлади

immigrant_ru

Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлиги расмий сайти тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири А. Ҳаитов Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин билан учрашиб, икки томонлама алоқаларнинг бугунги ҳолати, шунингдек, миграция соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон расмий доиралари Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар тақдири масаласига жиддий эътибор қарата бошлади.

Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида ёшларни иш билан таъминлаш муаммосига тўхталиб, Россияда меҳнат қилаётганлар масаласида жиддий  фикр билдириб ўтди.

Президент мамлакатда ёшларни иш билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратиш кераклигини алоҳида уқтириб ўтди.

«Коллежларнинг битирувчилари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Улар уч йил ўқиб, мутахассис бўлиб, қайси идоранинг эшигига бориб, иш сўраб юради? Болаларимизнинг иш сўраб юришини умуман ақлимга сиғдира олмайман», – дея Ислом Каримов сўзларини келтиради kun.uz сайти.

«Агар раҳбар бўлсанг, [коллеж битирувчисинининг олдига бориб], уни кўндиришинг керак: «Мана, янги иш бошланяпти, сенга шунча ойлик бераман, шунча шароит яратиб бераман, эртага ойлигинг яна ошади, ҳали оила бошлиғи бўласан, сенга квартира берамиз…». Мана шу йўл билан болаларимизни ишга жалб қилишимиз керак. Биз эса тескарисини қиляпмиз – кўра туриб, индамасдан юрардик. Бугун ҳам юрибмиз», – деди Президент.

Ўзбекистон Президентининг таъкидлашича, «агар шу ҳаётда адолат ўрнатилмаса» ҳар хил баландпарвоз гапларни ишлатиб, мақтанишларнинг барчаси «икки пулга қиммат». Президент ёшларни, жумладан, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш билан боғлиқ нотўғри ҳисоботларни топширган раҳбарларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида бош прокурорга алоҳида кўрсатма берди.

Ўзбекистон Президенти эски авлод вакиллари кўрган қийинчиликларни янги авлод вакиллари кўрмасликлари, улар бундай муаммоларга тўқнаш келмасликлари кераклигини таъкидлади. «500 мингдан ошиқ ёшларимиз коллежларни битиряпти. Эртага уларнинг тақдири нима бўлади? Ялиниб юриш – халқимизга умуман ярашмайди. Ўзбекистонда фақат ғурур-ифтихор бўлиши керак. Ўзаро ҳурмат бўлиши керак. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга тайёр туришимиз керак… Агар шу масалалар ҳал қилинмаса, одамларнинг адолатга бўлган ишончини йўқотамиз», – деди Президенти.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, шу йилнинг бошида Москвада Ўзбекистон фуқароси иштирокида кўнгилсиз ҳодиса бўлиб ўтган эди. Яъни, Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси Москвада ўқувчини белкурак сопи билан уриб, тан жароҳати етказганликда айбланган Ўзбекистон фуқароси Баҳром Ҳуррамовни қўллаб-қувватлаб, у учун гаров пули тўлашга тайёргарлигини билдирган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Москвада консули Зафар Абдураҳмонов “Известия” газетасига маълум қилган. Тегишли мурожаат судга юборилган.

“Бизнингча, жанжал йўқ жойдан кўтарилмоқда”, деб таъкидлаган эди элчихона вакили. Айни чоғда консул Ўзбекистон фуқаросига ёрдам беришга тайёргарлигини кўрсатишга жамоатчилик эътиборини қаратишни истамаслигини айтиб ўтган.

Шуни эслатиб ўтиш керакки, шу йилнинг 6 январь куни қорбўрон ўйнаётган болалар Ҳуррамовга қор отишгач. Унинг жаҳли чиқиб, болаларни қувлаган. Синган белкурак сопини улоқтириши натижасида 12 яшар Артем Хотеев тан жароҳати олган. Бу иш жиддий муносабатга сабаб бўлгач, бола ўқийдиган мактаб атрофида яшайдиган оилалар вакиллари Ҳуррамовни қўллаб-қувватлаб, полицияга мурожаат қилган.

Гап шундаки, Артем Хотеев анча оғир хулқли бола бўлиб, ўз синфдошларини жуда қаттиқ дўппослагани ҳақида видеотасвирлар интернетда учрайди. Аниқланишича, бола учун бировга нисбатан зўравонлик қилиш одатий ҳолга айланган.

Умуман, Ўзбекистон ҳукуматининг Россия Федерациясида ишлаётган фуқаролар масаласига жиддий эътибор қарата бошлагани эътиборга моликдир. Чунки сўнгги пайтларда ёш, рус тилидан ва ушбу мамлакат қонунчилиги, талаблари ва қадриятларидан бехабар ёш йигитлар томонидан кўплаб ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир ҳолатлари учрамоқда. Айни чоғда уларнинг аксарияти рўйхатдан ўтмасдан меҳнат қилаётганлиги боис уларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, меҳнат муҳофазаси каби масалалар очиқ қолаётган эди.

Шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг Россия ташрифи бу борадаши муаммоларни икки томонлама музокаралар йўли билан ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.