Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўладими?

     1355209893_0000000327

    Ўзбекистон ҳукумати мамлакат иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига интегация бўлишининг муҳим таркиби сифатида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқмоқда, деб ёзади CA-News.org сайти.

    Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Илҳом Неъматовнинг Марказий Осиё ва Кавказ институтида ташкил этилган «ЖСТ ва Марказий Осиё» экспертлар муҳокамаси чоғида қилган маърузасида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши борасидаги музокаралар давом этмоқда, аммо шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзо бўлиши, биринчи навбатда, Ўзбекистон иқтисодиёти манфаатларига хизмат қилиши керак ҳамда мамлакатда бандлик, божхона ҳамда иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатмаслиги керак, деб таъкидлади.

    Элчи жанобларининг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ушбу ташкилотга аъзо бўлиш мамлакат меҳнат ресурсларига, саноатига, қишлоқ хўжалигига қандай таъсир кўрсатишини чуқур таҳлил қилиб чиқиши керак бўлади.

    «АҚШнинг Халқаро ҳаморлик бўйича агентлиги томонидан тайёрланган маърузага кўра, бу, шак-шубҳасиз, мамлакат автомобиль ва текстиль саноатига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун бизнинг иқтисодчилар бунга жуда жиддий чуқур ёндашишмоқда. Биз ЖСТ котибияти, ҳамкорларимиз билан Ўзбекистон қандай шароитлар асосида ушбу ташкилотга аъзо бўлиши мумкинлигини муҳокама қилаяпмиз», деди элчи жаноблари.

    Илҳом Неъматов «Мен Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш масаласига нега жиддий эътибор қаратаётганлигига бир мисол келтиришни истардим. Мустақилликнинг илк йилларида иқтисодиётимизда фақат пахта ҳукмронлиги ўрнатилган эди, биз ўша пайтда 6  миллион тонна пахта етиштирар эдик. Ўзбекистон ҳукумати узоқ муддатли ислоҳотларни амалга оширди. Айнан шу ислоҳотлар самараси ўлароқ биз иқтисодиётимизни диверсификация қилишга муваффақ бўлдик. Биз бугун «Женерал Моторс» компанияси билан ҳамкорликда тайёрланган юқори сифатли автомобилларни экспорт қиляпмиз. Ўтган йигирма йил давомида 120 миллиард доллардан ортиқ инвестиция мамлакат иқтисодиётига жалб қилинди… Шунинг учун биз ЖСТга аъзо бўлиб киришдан нима ютқазишимиз-у, нима ютишимизни билишимиз керак», деди.

    Илҳом Неъматов сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон миллий қонунчиликни ЖСТ норма ва қоидаларига уйғунлаштириш чоралари устида иш олиб бормоқда. Иккинчидан, мамлакатда идоралараро ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, у Ўзбекистон ва ЖСТ ўртасидаги музокаралар жараёнини мувофиқлаштириб бормоқда. Учинчидан, ЖСТ котибияти билан ишлайдиган кенгаш тузилган бўлиб, ЖСТ билан ҳамкорлик масалаларида 9 та ишчи гуруҳ иш олиб  бормоқда.