Заҳириддин Муҳаммад Бобур: “Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз!”

бобур

Бугун Ўзбек мумтоз адабиётининг етук дарғаларидан бири, Ҳиндистонда Бобурий салтанатига асос солган Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун. Биз қуйида улуғ шоир ижоди ҳақида ижодкорлар мулоҳазаларини, унинг миллионлаб қалбларни титратган ғазал ва рубоийларини ҳавола этамиз.

Ғазал

Топмадим

Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим,
Кўнглумдин ўзга махрами асрор топмадим.
Жонимдек ўзга жонни дилафгор кўрмадим,
Кўнглим киби кўнгулни гирифтор топмадим.
Усрук кўзига токи кўнгул бўлди мубтало,
Ҳаргиз бу телбани яна ҳушёр топмадим.
Ночор фурқати била хўй этмишам, нетай,
Чун васлиға ўзумни сазовор топмадим.
Бори борай эшигига бу навбат, эй кўнгул,
Нечаки бориб эшигига бор топмадим.
Бобур, ўзунгни ўргатакўр ёрсизки, мен
Истаб жаҳонни, мунча қилиб, ёр топмадим.

Қолдиму?

Чархнинг мен кўрмаган жавру жафоси қолдиму?!
Хаста кўнглум чекмаган дарду балоси қолдиму?!
Мени хор эттию қилди муддаийни парвариш,
Даҳри дунпарварнинг ўзга муддаоси қолдиму?
Мени ўлтурди жафою жавр бирла ул қуёш,
Эмди тиргузмак учун меҳру вафоси қолдиму?
Ошиқ ўлғач, кўрдум ўлумни ўзумға, эй рафиқ,
Ўзга кўнглумнинг бу оламда ҳароси қолдиму?!
Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де, бу оламнинг сафоси қолдиму?

Рубоийлар

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники, айладим — хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?!

***

Давлатқа етиб, меҳнат элин унутма!
Бу беш кун учун ўзунгни асру тутма!
Борғонни, кел эмди, ёд қилмай, эй дўст,
Бориш-келишингни лутф этиб, ўксутма!

***

Бесабрмену бесару сомондурмен,
Бир ғамзададурмену паришондурмен.
Не диннинг ишин қилдиму не дунёнинг,
Ё Раб, нетай, ўз ишимга ҳайрондурмен.

***

Беқайдмену ҳароби сийм эрмасмен,
Ҳам мол йиғиштирур лаим эрмасмен.
Кобулда иқомат этти Бобур дерсиз,
Андоқ демангизларки, муқим эрмасмен.

***

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз!
Жамъиятингиз борини давлат тутунгиз!
Чун гардиши чарх будурур, Тенгри учун,
Бир-бирни неча куни ғанимат тутунгиз!

***

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур!
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур!
Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур!

***

Кўпдин бериким, ёру диёрим йўқтур,
Бир лаҳзаю бир нафас қарорим йўқтур.
Келдим бу сори ўз ихтиёрим бирла,
Лекин боруримда ихтиёрим йўқтур.