Жавоҳарлаъл Неру: “Бобур беқиёс даражада маданий, дилбар шахслардан бири эди…”

1
Ҳиндистон озодлиги учун курашган Неру ва Ганди

ДУНЁ ТАРИХИГА НАЗАР

Буюк сиёсат ва давлат арбоби, Ҳиндистон мустақиллиги учун кураш раҳбарларидан бири ва унинг биринчи бош вазири Жавоҳарлаъл Неру қаламига мансуб “Дунё тарихига назар” асари унинг “Ҳиндистоннинг кашф қилиниши”, “Таржимаи ҳолим” каби асосий китоблари сирасига киради.

Мазкур асар Жавоҳарлаъл Неру 1930 октябр —1933 йил августларида, Ҳиндистон озодлиги учун курашдаги фаол иштироки учун турмага ҳукм этилган даврда, қизи Индира Гандига йўллаган тарихий-маърифий хатлар асосида яратилган. Унда инсоният юзага келган даврдан бошлаб то ХХ асрнинг 30-йилларига қадар кечган тарихий жараён мухтасар баён қилинган.
Уч жилдли китоб жонли, илмий-оммабоп услубда ёзилган ва ўаклан бадиий асарга яқин бўлиб, талай тарихий арбобларнинг сиймоси юксак бадиий тимсол даражасида чизилган.

Жавоҳарлаъл Неру асарида табиийки ўз мамлакати тарихини кенгроқ кўламда ҳикоя қилишга интилади, хусусан Бобурийлар сулоласи ҳукм сурган даврлар баёнига алоҳида урғу беради, Бобур ва Акбар каби улуғ зотлар фаолиятига, уларнинг Ҳиндистон тарихида тутган ўрнини муносиб баҳолайди.
Асарнинг айрим бобларини бир оз қисқартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

БОБУР

…Ҳиндистоннинг майда-майда бўлакларга бўлиниб-емирилиб кетиши унинг шимолий қисми Бобур томонидан фатҳ этилиши билан якунланди.

Афтидан бу ерда яшаган кўп халқлар қадимги орийларга хос эркинлик ғояларини буткул унутган ва ҳар қандай ҳукмдорга бўйсунишга тайёр қуллар каби забун ҳолатга рози бўлган кўринарди. Ҳатто, ўзи билан бирга янгича ҳаёт тарзини олиб келган мусулмонлар ҳам айниб, ўзга эл-элатлар сингари мўмин-қобил бўлиб қолгандек эди.
Худди шу боисдан ҳам Европа қадимий маданий Шарқ давлатларида етишмаган қудрат ва куч-ғайратга эришиб, булардан ўзиб кетди. Олди-сотди ва бойиш васвасаси Европа денгизчиларини Америка қитъасига отлантирди. Португаллар Малаккада араб салтанати ҳукмронлигига чек қўйди, Ҳиндистон қирғоғи ва Шарқдаги бошқа денгиз минтақаларида таянч истеҳкомлар бунёд этди.

Тез орада португалларнинг зиравор-дориворлар савдо-сотиғи соҳасидаги ҳукмронлигига икки янги давлат – Голландия билан Англия қаршилик кўрсата бошлади. Улар Португалияни шарқдан сиқиб чиқаришди, Шарқдаги салтанатига, бутун тижорат ишларига нуқта қўйилди. Голландлар қисман Португалия ўрнини эгаллаб, кўпгина шарқий оролларни босиб олди. 1600 йилда қиролича Елизавета Лондон савдогарларининг ширкати бўлмиш “Ост-Индия” компаниясига имтиёзли савдо ҳуқуқини туҳфа этди. Икки йилдан сўнг эса Голландиянинг “Ост-Индия” компанияси юзага келди. Шу тариқа Европанинг Осиёдаги босқинчилик сиёсати даври бошланди. Узоқ вақт давомида европаликлар Малайя ва шарқдаги ороллар билан деярли чекланишди. Мин сулоласи ва ўн еттинчи аср ўртасида пайдо бўлган дастлабки манчжурлар ҳукмронлик қилган Хитой Европа назарида анча кучли давлат эди. япония эса шунчаликка бориб етдики, ўз юртидан барча ажнабийларни қувиб чиқариб, то 1641 йилга қадар ўз чегараларини тақа-тақ ёпиб қўйди.

Ҳиндистон-чи?.. Ҳиндистон янги сулола – Бобурийлар ҳукмронлигида ғоят қудратли салтанатга айланди ва шу боис унга Европанинг хавф солиш ёки босқин қилиш эҳтимоли йўқ эди. Аммо Европа денгизларда ҳукмронлик қиларди.
1526 йилда Бобурнинг заиф ва разил афғоний Деҳли султони устидан қозонган ғалабаси туфайли Ҳиндистонда янги замон ва янги сулола – Мўғуллар сулоласи даври бошланди. Ҳиндистондаги Буюк Мўғуллар овозаси бутун Осиё ҳамда Европага кенг тарқалганди. Мазкур сулоланинг олти нафар энг йирик ҳукмдори бўлиб, шундан сўнг салтанат бўлак-бўлакларга ажралиб кетди ва мана шу бўлаклардан марахтлар билан сикхлар ўз давлатларини бир амаллаб “бичиб-тикиб” олишди. Ана шулар ортидан инглизлар келишди, улар марказий ҳокимият қулаб, мамлакатда тартибсизлик бошланганидан фойдаланиб, аста-секин ўз ҳукмронлигини ўрнатишди.

Бобур беқиёс даражада маданий, дилбар шахслардан бири эди. у мазҳабпарастликка хос маҳдудлик ва диний мутаассибликдан йироқ эди, аждодлари каби вайронгарчилик билан шуғулланмади. Бобур санъат ва адабиётга қизиқар, ўзи туркий ва форс тилида шеърлар битар эди. У гуллар ва боғларни севар ва жазирама Ҳиндистонда Ўрта Осиёдаги ватанини тез-тез эслаб турарди: “…бинафшаси бисёр латиф бўлур… қалин лола ва гуллар очилур”, деб хотирлайди у эсдаликларида.
Бобур Самарқан ҳукмдори бўлган пайтда, ҳали ўн бир яшар бола эди. Бу осон иш эмас, албатта. Атрофини душманлар қуршаб турарди. Ўғил ва қиз болалар мактабга қатнайдиган ёшда унга қўлига қилич олиб, майдони ҳарбда жанг қилишга тўғри келди. У тахтини қўлдан бой берди ва жўшқин ҳаёт йўлида кўп саргузаштларни бошдан кечириб, яна тахтини эгаллашга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, адабиёт, назм ва санъат билан шуғулланишга улгурди. Шону-шуҳратга интилиш унга сира тинчлик бермасди. У Кобулни фатҳ этиб, Ҳинд тоғидан ошиб ўтди ва Ҳиндистонга бостириб кирди. Аммо бу билан Бобурнинг мушкуллари осон бўлмади, яна неча бор ҳаёти қил устида қолди. Бир гал бошига хавф-хатар ёғилган пайтда саркардалари унга шимол томонга чекинишни маслаҳат беришди. Лекин Бобурнинг жони темирдан эди, шу боис чекинишдан кўра ўлимни афзал кўришини айтди. У май (чоғир) ичишни севарди, аммо ҳаётининг чигал дамларидан бирида, майдан воз кечишга аҳд қилди ва барча қадаҳларни синдириб ташлади. Унга ғалаба ёр бўлди, шу бўйи у қасамига содиқ қолди.
Бобур Ҳиндистонда атиги тўрт йил яшаб, вафот этди. Мана шу йиллар жангу-жадалларда ўтди, у ором нималигини билмади. У Ҳиндистон ҳақида кам нарса биларди. У Аграда ғаройиб пойтахтга замин қурди ва Истамбулдан машҳур бир меъморни чақириб келтириш учун одам юборди. Бу – Сулаймон Қонуний Истамбулни қураётган пайтлар эди. Синон – усмонли туркларнинг ўша машҳур меъмори – Ҳиндистонга севикли шогирди Юсуфни йўллади.

Бобур эсдаликлар яратди ва мазкур ажабтовур китоб бу инсоннинг қалб оламига назар солиш имконини беради. У бизга Ҳиндистон ҳақида, унинг ҳайвонлари ва гуллари, дарахтлари ва мевалари ҳақида ҳикоя қилиб беради, ҳатто қурбақаларни ҳам эсидан чиқармайди. У ватанининг қовунлари, узумлари, гулларини қўмсайди. Ҳиндистон кишиларидан эса жуда кўнгли қолганлигини ёзади. Унинг сўзларига қараганда, бу юрт кишиларида мақташга арзигулик биронта хислат йўқ. Эҳтимол, тўрт йил давом этган уруш пайтида у халқни ўрганиб олишга улгурмагандир, маданийроқ қатламлар эса янги фотиҳ билан мулоқот қилишдан ўзини четга тортгандир. Эҳтимол, бегона юрт кишисига бошқа бир халқнинг турмушини тушуниш, маданиятини англаш қийин кечгандир. Нима бўлмасин, у бирмунча муддат ҳукмрон синф мавқеидаги афғонларда ҳам, кўпчилик халқда ҳам қойил қолдирадиган бирон-бир хислат кўрмаган. Бобур ўта кузатувчан одам бўлган ва ажнабий сифатида ноҳақ фикр юритган, деб ўйлаганимизда ҳам, унинг эсдаликлари ўша вақтда Шимолий Ҳиндистон ачинарли бир ҳолатга тушиб қолганлигидан далолат беради. Жанубий Ҳиндистонда эса Бобур бўлмаган.

“Ҳиндистон мамолики васе ва пурмардум ва пурҳосил вилоят воқе бўлубтур, — ҳикоя қилади Бобур. – Шарқи ва жануби, балки ғарби ҳам Муҳит дарёсига мунтаҳиқ бўлур… Ғарби-шимоли Кобул ва Ғазни ва Қандаҳор воқе бўлубтур. Жамиъ Ҳиндистон вилоятининг пойтахти Деҳли эрмиш”. Шуниси қизиқки, Бобур бутун Ҳиндистонни ягона яхлит бир давлат деб ўйлайди, ваҳоланки, унинг замонига келиб, Ҳиндистон кўплаб подшоликларга бўлиниб кетган эди. Ҳиндистоннинг бирлиги ғояси унинг бутун тарихи мобайнида сақланиб қолган.

Бобур Ҳиндистон тасвирини давом эттириб, ёзади: “Ғариб мамлакате воқе бўлубтур. Бизнинг вилоятларға боқа ўзга оламедур. Тоғ ва дарёси ва жангал ва саҳроси, мавозиъ ва вилоёти ва ҳайвонат ва набототи, эли ва тили ва ёмғури ва ели борча ўзгача воқе бўлубтур… Синд сувини ўтгач, ер ва сув ва йиғоч ва тош ва эл ва улус ва роҳ ва расм тамоми Ҳиндустон тарийқидадур… Яна Ҳиндустон бақалари, агарчи ўшал бақалардектур, вале бу бақалар сувнинг юзида етти-саккиз қари югурадурлар”.

Сўнгра Бобур Ҳиндистон ҳайвонлари, гуллари, дарахтлари ва меваларини бирма-бир санаб ўтади. Кейин навбат одамларга келади: “Ҳиндустон кам латофат ер воқе бўлубтур. Элида ҳусн йўқ ва ҳусни иҳтилот ва омизиш ва омаду рафт йўқ ва табъ ва идрок ва адаб йўқ ва карам ва мурувват йўқ ва ҳунарларида ва ишларида сиёқ ва андом ва ража ва гўния йўқ ва яхши от йўқ ва яхши ит йўқ ва узум ва қовун ва яхши мевалар йўқ ва ях йўқ ва совуқ сув йўқ ва бозорларида яхши ош ва яхши нон йўқ ва ҳаммом йўқ ва мадраса йўқ ва шамъ йўқ ва машъал йўқ ва шамдон йўқ”.

“Уларда ҳар ҳолда бирор нима бордур”, деб беихтиёр сўрагинг келади. Бобур мазкур сатрларни битаётганида ҳамма нарсадан кўнгли қолган кўринади. “Латофатеким, Ҳиндистонда бор-улуқ вилоятдур, — дейди Бобур. – Ва олтун ва ярмоғи қалин бўладур… Яна бир латофати будурким, ҳар синфдин ва ҳар хирфалардин беҳад ва бениҳоят кўпдур. Ҳар иш учун ва ҳар нима учун жамиъ муқаррар ва муайяндурким, ота-оналаридан бери ул иш ва ул нимани қила келгандурлар”.
Юқорида Бобур хотираларидан узундан-узоқ парчалар келтирдим, бу каби китоблар инсон тўғрисида кўпинча жуда соз тасаввур беради.

Бобур 1530 йилда қирқ тўққиз ёшида оламдан ўтади.

Бобурнинг жасадини Кобулга олиб бориб, ўзи севган боғига дафн этишади. Ниҳоят у ўзи соғинган-қўмсаган гулзорга қайтиб келган эди.

 

 

Илҳом СУЛТОНОВ таржимаси.

манба: Ҳуршид Давроннинг расмий сайти.