Жўра Қори Бўтакўз: Булужистон эсдаликлари…

Screen Shot 2012-11-19 at 1.02.42 PM

Чет элларда юрганимда ўзбек тилида кимда қанақа китоб борлигини сўроқлаб топиш одат бўлиб қолган эди. Шу мақсадда бир пайт Булужистоннинг бош шаҳри Қуитага бордим.

Маълумки, яхши китоб осонгина топилавермайди, ўзбек тилида битилган баёзларни авайлаб сақлаб қолаётган китоб шинавандаларини ҳамиша ҳурмат билан эслагим келади. Ана шундай олижаноб кишилардан бири ҳўқандлик қандолатчи Холмирза Қоридир. Мен у муҳтарам зот билан Қуитада танишиб, дўстлашиб қолдим. Ўрта бўйли, қотмадан келган бу кишининг ёши икки қирқдан кўп бўлишига қарамай ёшлардек қувноқ, ҳазилкаш, кўнгли юмшоқ одам эди. Ўзи камбағал бўлатуриб, бошқаларга анча-мунча ёрдамини аямайди. Ёрдам кўрсатиш мумкин бўлмаган тақдирда, бир йўлини топиб тасалли беради. У кишининг феъл-атвори бошқаларга ўхшамаганидек, кийиниши ҳам ўзига хос. Айниқса, жума кунлари бошига ўраган катта оқ дока саллани ингичка бўйни зўрға кўтариб тургандек кўринса-да, ўта кетган чаққонлиги, қопларни кўтаришдаги чайирлиги ҳаммани ҳайратда қолдиради.

Ҳолмирза қорининг қандолатфурушлик дўкони Ҳалот хонлигининг Мастунг шаҳрида, уй-жойи ҳам ўша ерда. Ҳафтада бир маротаба кам-кўстини тўлдиргани Қуитага тушиб турар экан. Унинг таклифи билан биргалашиб Мастунгга чиқиб кетдик. Бу ерда жияни Баҳодиржон ва бошқа ватандошлар билан танишдим. Баҳодиржон ҳар куни эрта саҳар дўконини очади. Кишилар хуфтон намозига кириб кетганидан кейинни дўконни ёпиб, кулбасига жўнайди. Дўконда сут, қатиқ, асосан ширинлик сотилади. Кўпчилик харидорлар ўта камбағал. Сут, қатиқ ва бошқа майда-чуйдаларнинг пулини нақд бермай насия қилиб кетишади. Шунинг учун ҳафта охирида Қуитага тушиб, дўкон учун каму кўст олиб чиққани пул етмай қолади. Айрим пайтларда сутчига ҳам пул беролмай, ўзлари насия олишар экан. Мана шундай вақтларда Холмирза қорининг тажанглиги тутиб, нега насия сотасан, деб жиянини койийди. Тоға-жиянни койитган камбағаллик қурсин. Улар баъзан дўкон ижарасини ҳам тўлолмай қолишаркан. Шунинг учун бир оз енгиллик бўлсин, деб дўкон айвони четини сартарошга ижарага қўйишибди.

Мастунг шаҳри денгиз юзидан бир ярим минг метр юқорида, тоғ этагида. Қиши қаттиқ совуқ, ёзи жуда салқин. Саноат корхоналаридан, серқатнов шаҳарлардан бир чеккада бўлгани учун оби ҳавоси тоза жой. Бобурийлар даврида қазилган кориз сувининг маҳалла ва гузарда юмалаб-юмалаб ўтиши ажойиб манзара касб этган. Ана шу кориз бўйлаб ўлда-жўлда бешта-ўнта мевали дарахти бор боғчалар учрайди. Асосий маҳсулоти пиёз, шолғом, тут қоқи, тамаки. Буларни баҳайбат довон орқали Қуитага олиб тушиб, пул қилиб кетишар экан.

Мастунгда қирқ-эллик уйлича шайхонлар ҳам яшайди. Буларнинг тили форсча, лекин бу форсий лаҳжа бугун  на Афғонистонда ва на Эронда учрайди. Шайхонларнинг “Гўфандий”, “Фармудандий” сингари талаффузлари “тафсири ҳусайни”ни ва Саъдийнинг “Гулистон”ини эслатади. Шайхонларни Ҳусайн Байқаро давридаги Хуросондан келиб қолганмикан, деб ўйлайди киши. Мастунгда ерлашган беш-ўнта ўзбек оиласи шайхонлар билан иноқ яшайди.

Холмирза қорининг уйига бораверишда кўча бўйидаги пахса деворларни, кичик-кичик боғчаларни сайр қила бориб, лой уйларни оралаб ўтиб бориб гўвалакдан ясалган, ёмғир из қолдирган бир ҳовли олдига келиб тўхтадик. Бир неча ёғочни михлаб дарвоза шакли берилган тўсиқни мезбон очдида, — Қани, марҳамат, деб ичкарига бошлади. Ҳовлининг саҳни иҳчам, қуруқ. Айтишларича, бирор нарса экиш мумкинмас экан. Чунки сув йўқ экан. Ичадиган сувни нарироқдаги кориздан ташиб келишаркан.

Уйга пичан ёйиб, устидан кигиз, кўрпача ташлаб қўйибди. Йиғилган кишилар билан мени таништирди. Дастурхон ёзилгач, пиёлаларга, шўрва келтирилган чинни косаларга кўзим тушди. Сариқ-оқ қадоқли идиш-товоқ “антиқа” буюмга ўхшаб кетди. Маълум бўлишича, суҳбатдагилар Холмирза қорининг қора олиб, ора-сирада келиб турадиган ватандошлари экан. Булар турли жойлардан бошпана истаб келишар экан. Холмирза қорининг ўзи ҳам шулардан бири Булужистонга келганига 40 йил тўлган бўлса-да, ҳанузгача қўлида ҳужжати йўқ. Қуитага қўрқиб-писиб тушади.

Суҳбат асносида нима китобингиз бор, деб сўраган саволимга Холмирза қори ўзбекча баёз билан “Худои шариф”ни токчадан олиб қўйди. Ўзбек халқининг ҳуқуқшуноси, алломаси мавлоно Бурхониддин Марғилонийнинг Шарқда табарруклашган, Европада машҳур бўлган асари “Худои шариф”нинг мазмуни суҳбатдошимга ёд бўлиб кетган эди.

Шу китобда бор барча ҳуқуқий масалаларни бетўхтов айтиб, шарҳлаб бера олар эди. Маҳалла-кўйдагилар ҳам ислом ҳуқуқига оид кўп масалани Холмирза қоридан сўраб, қаноат ҳосил қилишадиган бўлиб қолишибди.

Холмирза қори бир оз ўйланиб қолди. Ўйчанлиги тарқагач, қорасувлик қадоқчи мулло Юсуф Охунддан ашула айтиб беришни илтимос қилди. Навбат билан ўзи ҳам Муқимий домланинг “Ўзим бир жойдаман, кўнглим сендадур” ғазалини машҳур тановар куйидан мукаммал бўлмаса-да, анча-анча тузук айтатуриб, кўзига келган ёшни тўхтата олмади. Зиёфатдагилар ҳам мотамсаро бўлишди. Ҳамманинг дарди-ҳасрати нимада эканлиги маълум. Ўтирганлардан ҳар бирининг кўксида қандай дардлар ётганлигидан қатъи назар ҳаммасига бир хилда изтироб бериб, ич-ичидан эзиб турган қайғу, ватансизлик бўлишидан шак йўқ…

Кўнгилдагидек ўзбекча бадиий асарга дуч келмагач, маъюс бўлиб қайтдим. Лекин ўша ўтиришнинг самимийлиги, суҳбатдошларнинг Ватанига бўлган муҳаббати ҳеч қачон эсимдан чиқмайди.