Ўзбек аёли шоирлар нигоҳида

9(60)

8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Ватандош” газетаси барча оналаримизни, опаларимизни, сингилларимизни Баҳор айёми билан қутлайди. Оилавий файзи, қувончи, зийнати бўлган хотин-қизларимизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайди.

Байрам муносабати билан улуғ шоирларимизнинг нафосат эгаларига битган шеърларидан, ғазалларидан парчалар ҳавола этамиз.

 

images (9)

 

 

 

 

 

 

 

 

Абдулҳамид ЧЎЛПОН

                Гўзал

 

Қоронғу кечада кўкка кўз тикиб,

Энг ёруғ юлдуздан сени сўраймен.

Ул юлдуз уялиб, бошини букиб,

Айтадир: Мен уни тушда кўрамен.

Тушимда кўрамен – шунчалар гўзал,

Биздан-да гўзалдир, ойдан-да гўзал!

 

Кўзимни оламан ой чиққан ёққа,

Бошлайман ойдан-да сени сўрмоққа.

Ул-да айтадир: Бир қизил яноққа

Учрадим тушимда, кўмилган оққа.

Оққа кўмилганда шунчалар гўзал,

Мендан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

 

Эрта тонг шамоли сочларин ёзиб,

Ёнимдан ўтганда сўраб кўрамен.

Айтадир: Бир кўриб, йўлимдан озиб,

Тоғ ва тошлар ичра истаб юрамен!

Бир кўрдим мен уни – шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

 

Ул кетгач, кун чиқар ёруғлик сочиб,

Ундан-да сўраймен сенинг тўғрингда.

Ул-да ўз ўтидан бекиниб, қочиб

Айтадир: Бир кўрдим, тушдамас, ўнгда.

Мен ўнгда кўрганда шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

 

Мен йўқсил на бўлиб уни суйибмен,

Унинг-чун ёнибмен, ёниб-куйибмен,

Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен,

Мен суйиб… мен суйиб кимни суйибмен?

Мен суйган суюкли шунчалар гўзал,

Ойдан-да гўзалдир, кундан-да гўзал!

560c237ab6f39688c4c45dc23e0d494e

 

 

 

 

 

 

 

ОЙБЕК

 

 

   Тушимда кўрдим сени

 

Орқангдан йиғлаб қолдим,

Кўксимни тиғлаб қолдим.

Қиз, дарёдан ошарсан,

Билмам, қайда яшарсан.

Орқангдан йиғлаб қолдим.

 

Сир аралаш ҳаётинг…

Гавҳарлардан маржонинг.

Ҳазин куйлар чаласан,

Сўйла, қаён борасан?

Сир аралаш ҳаётинг…

 

Тушимда кўрдим сени,

Бирга олиб кет мени.

Денгиз, тоғлар ошайлик,

Чўпон каби яшайлик.

Бирга олиб кет мени.

 

0206336128

 

 

 

 

 

 

Ҳамид ОЛИМЖОН

 

 

Хаёлимда бўлдинг узун кун

 

Хаёлимда бўлдинг узун кун,

Сени излаб қирғоққа бордим.

Оч тўлқинлар пишқирган тунда,

Топиб бер, деб, ойга ёлвордим.

 

Ишон, бунда сени доимо

Эсга солар чиройли тунлар,

Шўх юлдузлар, салқин саҳарлар,

Эсга солар бахтиёр кунлар.

 

Толеимнинг ошиноси сен,

Сен севгимнинг кўкарган боғи.

Сенинг билан бирга иқболим,

Ишончимнинг сен вафо тоғи.

 

Мени қуршар салқин бир ҳаво,

Сув устидан тун қуюлади.

Шунда қанча-қанча гапларни

Эсга солиб, ой ҳам тўлади.

 

Кеча жимжит, ёлғиз тўлқинлар

Пишқиради билмай тинимни.

Ҳийлагар ой, сеҳргар дилбар,

Солиб қўйдинг ёдимга кимни?

 

e.vohidov-vertical

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Эркин ВОҲИДОВ:

Она орзуси

“Ўғлон, оқил ҳам мард бўлгин,
Мардлик — элга садоқат.
Дардманларга ҳамдард бўлгин,
Йиқилганга қўл узат.
Тўсиқларни енгиб ўрган.

Енгил бўлмас йўл деган”.
Ота шундай таълим берган,
Она шундай бўл деган.
Мушфиқ она кўз олдида
Ўсиб борар дилбанди.
Минг хил ният хаёлида,
Ким бўларкин фарзанди?
Володя шўх ўйинлардан
Ўзни жуда ёш тийди.
Китоб ўқир, ўқир ҳар дам,
Олим бўлса кошкийди…
Ҳар нарсани билмоқ бўлар,
Кўп қизиқар ўғлони,
Эҳтимол, у сайёҳ бўлар,
Кезиб чиқар дунёни.
Тили бийрон, хати равон,
Адиб бўлса ажабмас,
Бир кун унга даври даврон
Насиб бўлса ажабмас…
Ўғли асов тўлқинларни
Бўронларни севади.
Довулларни, ёлқинларни,
Суронларни севади.
Шамол турса ташқарига —
Отилади у доим…
Ким бўлса ҳам балолардан
Сақла уни худойим.
Она!
Унинг юрагини
Фақат она билади.
Шундай сева билгангина
Шундай ёна билади.
Ўғли билан фахрланар,
Қалби тўла орзу бор.
Севинади, аммо она
Севинчида қўрқув бор.
Меҳри ортар ўглонига,
Тинглаб унинг сўзини,
Бевақт ҳаёт тўфонига
Отмасмикин ўзини?..
Мушфиқ она кўз олдида
Ўсиб борар фарзанди.
Минг хил ният хаёлида,
Ким бўларкин дилбанди?
Она қалбда ёлғиз орзу,
Фақатгина бир ҳавас:
Ўғли тезроқ улғайса-ю,
Элга нафи тегса бас.

ОЛИМЛАРНИНГ РАФИҚАЛАРИГА

Сиз моҳи тобонсиз, малаксиз, пари,
Энг улкан даҳрийлар топинган санам.
Сиз буюк давримнинг фидоийлари,
Аҳли донишларга энг мунис ҳамдам.

Олимнинг уйини чароғон этган
Меҳру шафқатингиз, юрак тафтингиз.
У олам китобин битган чоғида
Елкасида бўлган илиқ кафтингиз.

Севган ёрингизга жон фидо айлаб
Парвона бўлурсиз кечаю кундуз,
Сизнинг номингизни олса не ажаб
Осмон жадвалида бир талай юлдуз.

Кимёгар янги бир зарра кашф этса,
Бу ижод боиси бўлган ҳойнаҳой —
Столнинг четига сиз қўйнб кетган
Бир чақмоқ қанд билан бир пиёла чой.

Юлдузлар қўйнига самовий йўлдан
Парвоз қилар экан буюк тафаккур,
Олимлар зеҳнининг чароғи бўлган
Мунис аяжонлар, Сизга ташаккур.

 

226

 

 

 

 

 

 

 

Абдулла ОРИПОВ:

Она

Каъба қопқасида турган, эй посбон,
Аввал оналарнинг очгин йўлларин.
Оналар пойига тиз чўк ўшал он,
Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин

Ҳожарнинг онамизнинг нидоси сабаб
Каъбада кўз очган Оби Зам-зам ҳам.
Бир умр талпинмиш онага қараб,
Не-не пайғамбарлар кўзларида нам.

Қавмимни ранжитиб қўймайин, аммо
Тобут ясаб келган эр зоти доим.
Оналар бағрига фақат бешик жо,
Ҳаётбахш аллалар айтган, мулойим.

Шўрлик одамзоднинг толеи учун
Энг аввал оналар қилсин ибодат.
Зора, гуноҳлардан пок бўлгай очун,
Оналар ўтинчи топиб ижобат.

Каъба қопқасида турган, эй посбон,
Аввал оналарнинг очгин йўлларин.
Оналар пойига тиз чўк ўшал он,
Тавоф қил, кўзга сурт, ўпгин қўлларин