Ўзбекистонда 65 минг нафарга яқин киши амнистияга тушган

    senat

    Ўтган йили 5 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори ижроси шу йилнинг март ойи биринчи ўн кунлигида якунланган.

    Ўзбекистон парламенти юқори палатаси Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Светлана Ортиқованинг сўзларига кўра, амнистия акти жами 64,656 нафар шахсга нисбатан қўлланилган бўлиб, 2095 киши жазони ўташ жойларидан озод қилинган.

    Озодликка чиқарилган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун давлат бюджетидан 852 миллион сўм ажратилган. 1584 нафар киши ишга жойлаштирилган.

    Бундай бир йил муқаддам эълон қилинган амнистия акти 45383 нафар кишига нисбатан татбиқ қилинган.

    Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, амнистия тўғрисидаги қарорни Президент тақдимига кўра, Сенат қабул қилади.

    Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б. Мустафоев сўзларига кўра, Ўзбекистон жаҳон миқёсида энг паст кўрсаткичга эга бўлиб турибди, яъни ҳар 100 минг нафар аҳолига 166 киши тўғри келади. Қиёслаш учун айтиш мумкинки, ушбу кўрсаткич Россияда 611, АҚШда эса 738 нафар кишини ташкил этади.

    Ўтган йили қабул қилинган Сенат қарорида жазога ҳукм қилинган аёлларни, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахсларни, 60 ёшдан ошган эркакларни, чет давлатларнинг фуқароларини жазодан озод қилиш (назарда тутилган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда) назарда тутилган.

    Шунингдек, Сенат қарорида эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган шахслар, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар жазодан озод қилиниши белгиланган.

    Унда, шу билан бирга, I ва II гуруҳ ногиронлари, шунингдек ушбу Қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган деб топилган шахслар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилиниши кўрсатиб ўтилган. Озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, ўталмай қолган жазо муддати икки йил-у олти ойдан кўп бўлмаган, ҳукми ушбу Қарор эълон қилинган кунга қадар қонуний кучга кирган маҳкумлар (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этганлар бундан мустасно) жазодан озод қилинади.

    Унга кўра, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинади.