Ўзбекистонда биометрик паспорт бериш учун мобиль станциялар ташкил этилади

images (10)

Ўзбекистон президентининг 2009 йил 23 июндаги фармонига биноан, мамлакат 2015 йил охирига қадар тўлиқ биометрик паспортлаштириш тизимига ўтиши керак бўлади.

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти аъзоси сифатида Ўзбекистон биометрик паспорт тизимини жорий этган бўлиб, бугунги кунда ушбу тизим дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатида амал қилади.

Ўзбекистон ахборот агентлигининг ёзишича, фуқароларга биометрик паспорт бериш жараёни президент фармони билан тасдиқланган график асосида изчил олиб борилмоқда. Ҳозирги кунда барча туман ва шаҳарлар ички ишлар бўлимлари биометрик маълумотларни олиш имкониятига эга бўлган жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, фуқароларнинг амалдаги паспортини алмаштириш жараёни изчил олиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда, биометрик маълумотларни олиш масканларига ташриф буюришга жисмоний имконияти бўлмаган фуқаролар учун биометрик паспорт беришнинг янги механизми ишлаб чиқилмоқда. Унга кўра, жисмоний имконияти чекланганлар учун мобиль станциялар ташкил этилиб, мурожаат қилган фуқароларнинг яшаш жойига бориб, уларнинг биометрик маълумотлари олинади. Мобиль станциялар ташкил этилгунга қадар жисмоний имконияти чекланганлар учун амалдаги паспорт бериб турилиши мумкин.

«Норма» газетаси мухбири Ўзбекистонда биометрик паспорт бериш тизимини ўз амалиётида синаб кўрди. Мухбир Ольга Кирьякованинг ёзишича, «паспортимни муайян ёшга етгач алмаштирганлигим боис бунда алоҳида муаммолар юзага келмади. Юнусобод туман ИИБга  тушлик вақтига яқин вақтда келсамда (у соат 13.00 дан 14.00 гача давом этади), 5-кабинетдан паспорт алмаштириш учун зарур бўлган ҳужжатлар тўғрисида тўлиқ маълумот олишга улгурдим. Улар: илгари берилган паспорт, уни алмаштиришга ариза, энг кам иш ҳақининг тенг ярми – 39 795 сўмга тенг давлат божи тўланганлиги тўғрисида квитанция, тўлдирилган 16, 18-шакллар (прописка учун)”.

Мухбирнинг айтишича, биометрик паспорт олишга ариза бланкалари ва бошқа шакллар учун «хизматлар столи»дан фойдаланинади. Шуни қайд этиш жоизки, ИИБ ҳудудида 6 та ана шундай «стол» турибди.Уларнинг хизмати 2 500 сўмга тушди.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномада паспортга доир фотосуратга фақат битта талаб қўйилган, расмга бош кийимсиз тушишингиз керак. Бироқ паспорт столининг ходимлари соч юзни ёпиб қўймаслиги керак деб ҳам талаб қиладилар, бўйинга салмоқдор маржон тақиш ҳам маъқулланмайди…

«Сиз экранда оператор киритаётган маълумотларни кўрасиз. Агар у исм, фамилияларда, паспорт эгаси ёки унинг ота-онаси тўғрисидаги бошқа маълумотларда хатога йўл қўйса, уни шу заҳоти тузатиш мумкин. Фотосурат ҳам шу ерда тайёрланади. Биринчи сурат менга ёқмади, оператор шу заҳоти такрорий сурат олди ва: «Айни шу фотосурат паспортга жойлаштирилади», деб огоҳлантирди», деб ёзади мухбир.

Бармоқ изларини олиш таомили оддий: аввал сенсор экранга ўнг қўлнинг 4 бармоғи, кейин чап қўлнинг 4 бармоғи, сўнгра 2 катта бармоқ қўйилади. Буларнинг ҳаммаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази (ДПМ)нинг маълумотлар базасида сақланади.

“Саъй-ҳаракатлар якунланганидан кейин янги паспортни 10 кундан кейин олишим тўғрисида огоҳлантиришди. Агар у олдинроқ тайёр бўлса, хабар қилишлари учун телефон рақамимни қолдиришни сўрашди. Ҳақиқатан ҳам, 5 кундан кейин менга бугун соат 15.00 да янги биометрик паспортимни олишим мумкинлигини хабар қилишди”, деб ёзади мухбир.

Тайинланган вақтда паспорт столига келганимда мен « ҳақиқий навбат»ни кўрдим – кабинет эшиги олдида 25 киши тўпланган эди. Ходимлар аҳволни бир зумда тўғрилашди: кишиларга рўйхат тузиш учун бир варақ қоғоз бериб, паспорт олиш учун келган кишиларни шунга қараб чақириб туришди.

Талатўп узоқ давом этмай, навбат тезда тарқади. Кабинетда ходим бош бармоғимни бармоқ изларини базага киритадиган ускунага қўйишимни айтди. Қурилма мени «таниди» ва менга биометрик паспорт беришди. У эски паспортдан анча фарқ қилади. Аввало муқовада дунёдаги 100 дан ортиқ мамлакатнинг биометрик паспортларига қўйиладиган белги – халқаро стандарт бор.

 Паспортнинг иккинчи саҳифасида паспорт серияси, эгасининг фамилияси, исми-шарифи, жинси, туғилган санаси ва жойи, паспорт берилган сана ва амал қилиш муддатининг тугаш санаси кўрсатилган. Фотосурат ёпиштирилмаган, балки туширилган. Шуни қайд этиш жоизки, янги паспортнинг ламинацияланган варақлари анча юпқа. Шу боис шахсни тасдиқловчи янги гувоҳномага янада авайлаб мурожаат қилиш керак бўлади.

Ўзбекистон фуқаросининг паспортидаги ёзувлар икки тилда: ўзбек ва инглиз тилларида (Қорақалпоғистон аҳолиси учун қорақалпоқ тилидаги саҳифа қўшилади) ёзилган янгиликлар орасида – виза қўйиш учун варақлар кўп берилган, бу эса хорижга тез-тез чиқувчилар учун айни муддао.

Мухбир баъзилар унинг тажрибаси намунали бўла олмайди ва туман ИИБда ушбу материални ёзиш ниятини билишган, шу сабабли сансалорликлар бўлмаган деб ўйлашар, деб ёзади. «Бу – хато фикр. Мен паспортни уни алмаштириш вақти келган Ўзбекистоннинг оддий фуқароси сифатида олдим. Бугун ҳам тўлиқ асос билан айтишим мумкин, паспортни алмаштириш – осон!», деб қайд этади у.