Кипрча “шамоллаш” ёхуд банкдаги омонатларнинг сўнгги кунлари

cut_Cyprus_AP_2511488b

Шу кунларда бутун дунё молия институтлари, биржалари Кипрдаги вазиятни синчковлик билан кузатиб бормоқда. Гап шундаки, оффшор мақомига эга мамлакатда жуда кўплаб давлатлар фуқароларининг катта миқдорида омонатлари мавжуд. Аммо мамлакатда давом этаётган иқтисодий инқироз Кипр ҳукуматини кескин қадамлар ташлашга мажбур қилмоқда. Чунончи, ҳукумат иқтисодий бўҳрондан чиқиш халқаро молия муассасаларидан ёрдам сўраб мурожаат қилгач, улар бундай кўмакни бир қатор шартлар асосида тақдим этишларини маълум қилишган эди.

Ўтган дам олиш кунлари 100 минг еврогача бўлган омонатларга 6,75 фоиз, ундан кўп бўлган омонатларга эса 9,9 фоиз миқдорида солиқ жорий этилиши маълум қилинган эди. Бу мамлакат банкларидан маблағларнинг кескин чиқиб кетишига сабаб бўлмаслиги учун ҳукумат барча банкларга пул маблағларини ўтказиш билан боғлиқ операцияларни тақиқлаб қўйди. Бу қарор сешанба кунига қадар амал қилади.

Аммо омонат эгаларида жуда катта эътирозларга сабаб бўлди. Қолаверса, ҳукумат бу қарорни парламентга тасдиқлатиб олиши керак бўлади. Ушбу масала бўйича тегишли қонун лойиҳаси 18 март куни нишонланиши кутилаётган эди. Аммо сўнгги тасдиқланмаган маълумотларга караганда, парламентарийлар ушбу масалани ҳафта охирида, яъни жума куни кўриб чиқиши мумкин.

The Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Кипр ҳукумати банкдаги омонатларга жорий қилинадиган бир марталик солиқлар миқдорини бироз енгиллаштиришга қарор қилган. Унга кўра, 100 минг еврогача бўлган омонатлар 3 фоиз, 100 мингдан 500 минггача бўлган омонатларга 10 фоиз миқдорида, ундан кўп миқдордаги жамғармаларга эса 15 фоиз миқдорида бир марталик солиқ жорий этилиши мумкин.

Ушбу таклиф бўйича Евроҳудуд молия вазирлари видеоконференция ўтказишлари кутилмоқда. Уларнинг талаби бўйича бу ташаббус Кипр ҳукумати фойдасига 5,8 миллиард евро жалб қилиши керак. Агар Кипр шу миқдорда маблағни йиға олса, халқаро кредиторлар Кипрга 10 миллиард евро ажратишга ваъда беришмоқда. Албатта, Кипр янги режасида ҳам ушбу маблағни йиға олишини ваъда қилаётган бўлса-да, Евроҳудуд молия вазирлари янада аниқ рақамларни олишни ҳамда бу тизим ишлашини аниқлаштиришни талаб қилмоқа.

Ушбу қарорга қарши бўлганлар эса, ўз навбатида, бундан чора-тадбирлар мамлакатдан омонатларнинг зудлик билан олиб чиқиб кетилишига олиб келишини таъкидлашмоқда. Европа марказий банки эса агар шундай ҳолат берса, банклар ликвидлигни таъминлаш учун етарлича маблағ тақдим этишини маълум қилди. Грециядан келаётган хабарларга кўра, Европа марказий банки аллақачон Афинада сақланаётган 5 миллиард евро (нақд)ни Кипрга юборган.

Кипр марказий банки маълумотларига кўра, 2013 йилнинг январь ойи охиридаги маълумотларга кўра, мамлакатдаги банклардаги омонатлар миқдори 68,4 миллиард еврони ташкил этади. Улардан 42,9 миллиарди мамлакат резидентлариники бўлса, 4,8 миллиарди евроҳудуд аҳолисиники, 20,9 миллиард евроси бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Россия президенти В.Путин Кипр ҳукуматининг мазкур қарорини “адолатсиз, профессионал бўлмаган ва хавфли қарор” сифатида баҳолаган. Сўнгги маълумотларга кўра, Россия фуқароларининг Кипр банкларидаги омонатлари миқдори 8 миллиарддан 30 миллиард долларгача бўлиши мумкин.