Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюради

Patricia_Flor

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Патриция Флор бошчилигидаги делегация шу йилнинг 18-19 март кунлари Тошкентда музокара олиб боради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Ташриф давомида делегация вакиллари Ўзбекистон Ташқи  ишлар вазирлиги ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигида мулоқот олиб боришади. Бу мулоқотларда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада чуқурлаштириш масаласи муҳокама этилади.

Европа Иттифоқи Кенгаши Патриция Флорнинг 2012 йил 25 июнида Марказий Осиё бўйича махсус вакил сифатида тайинлаган бўлиб, ўтган йили июль ойида Тошкентга ташриф буюрган эди.

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги алоқалар 1999 йил 1 июлдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси ва Европа Иттифоқига аъзо-давлатлар ўртасида ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги шартнома доирасида ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда бешта ҳамкорлик гуруҳини шакллантирган бўлиб, Ҳамкорлик кенгаши, Ҳамкорлик қўмитаси, Парламентлараро ҳамкорлик қўмитаси, Савдо ва инвестиция бўйича қўшма қўмитаси, Адлия, ички ишлар ва бошқа масалалар юзасидан қўшма қўмита иш олиб боради.