Фарида Афрўз дард, муҳаббат, самимият куйчиси

farida-_afruz-3

Фарида Бўтаева (Фарида Афрўз) 1956 йил 5 мартда Қўқон шаҳрида туғилган. Муқимий номидаги Кўқон давлат педагогика институтида таҳсил олган (1977). «Қирқ кокиллигим» (1986), «Изтироб кўйлаги» (1992), «Тунлар исёни» (1994), «Кўзим маним…» (1999), «Ўзимдан ўзимгача» (2001), «Ушшоқ» (2004), «Тасбиҳ» (2006) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Қурбонжон додҳох» (2000) тарихий драмаси ҳам бор. «Шуҳрат» медали (1999) билан тақдирланган.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ДЕЙДИЛАРКИ…

 

Дейдиларки Наврўз бошланар,

Жилғаларнинг шўҳ кулгусидан.

Бойчечаклар табассуми-ю,

Куртакларнинг туғилгусидан.

 

Дейдиларки келади баҳор

Тоғлар ошиб, адирлар ошиб.

Шаббодалар куйлари билан,

Анҳорларнинг суви-ла тошиб.

 

Дедиларки, умид қил маъшуқ,

Жамбил бўйли кунлар келади.

Қучоғида бир дунё сирлар,

Кўнгли ғунча тунлар келади.

 

Дейдиларки… Йўқ, ундай эмас,

Бу сўзларинг бариси бекор,

Ишққа ташна, яшилликка ўч

Юрагимдан бошланар баҳор!

 

ЯШАГИМ КЕЛЯПТИ

 

Яшагим келяпти, оҳ, қани энди,

Ғаму ташвишлару ҳижрондан йироқ.

Кутишлар кўп оғир, кутишлар қотил,

Зада бўлдим баридан, ёмондир фироқ.

 

Яшагим келяпти, оҳ, қани энди,

Бахт деганнинг пар тўшакларида.

Ўша ёлғиз, покиза ишқнинг,

Ёлғону рост чўпчакларида.

 

Яшагим келяпти, оҳ, қани энди,

Армоннинг кўксига тиғдай санчилсам.

Узиб ололсаму ўзимдан сени,

Тегирмон тошида дондай янчилсам!

 

Яшагим келяпти, оҳ, қани энди

Бу телба дунёнинг жунунларисиз.

Энди бугун менга севмаслик армон,

Яшайман, муҳаббат, қонунларингиз!

 

 

МЕН АЁЛМАН

 

Мен аёлман, нозик қалбман, кўнглим яримта,

Тилим бошқа, қўшиқ билмас алладан ўзга.

Дилим бошқа ҳисни тумас меҳрдан ўзга,

Мендек севги, мендек куйинг мендек покиза.

Тилингизни ширин қилинг, мардим, ширинроқ.

Ўзга сизга давойим йўқ, шунинг ўзи бас.

 

Сиз бизларга осон тутманг, мардим, осонмас,

Осон эмас қўшиқ битмоқ, куйлар яратмоқ.

Бир қўлимда қалам бўлса, бир қўлимда бешик,

Қўшиқлар ҳам туғилмоқда айни тун чоғда.

Тилингизни ширин қилинг, мардим, ширинроқ.

Ўзга сизга даъвойим йўқ, шунинг ўзи бас.

 

Мен аёлман, нозик қалбман, кўнглим яримта,

Сал нарсага кўз ёшларим дурдек тўкилар.

Сал нарсага қувониб-яшаб гулдек очилар,

Мухаббатим асраяпман ўзгага бермай.

¢урурингиз сақлаяпман гард ҳам қундирмай,

Тилингизни ширин қилинг, мардим, ширинроқ

Ўзга сизга даъвоим йўқ, шунинг ўзи бас.

 

Қалбгинамга кирдингиз-у, юмдингиз кўзни,

Ёки кўриб кўрмасликка олдингиз ўзни.

Кўзингизни очинг, мардим, жаннат ичрасиз,

Бу боғларнинг боғбони сиздир билсангиз.

Тилингизни ширин қилинг, мардим ширинроқ.

Ўзга сизга даъвойим йўқ, шунинг ўзи бас.

 

Айтинг, яна не қилайин имкондан ортиқ,

Ҳаммасини қўйиб беринг, эплайман ўзим.

Ўзим учун яшамоқдан тонганман мутлоқ,

Менгинанинг қирқта жони сизга фидодир.

Тилингизни ширин қилинг, мардим, ширинроқ.

Мен аёлман, нозик қалбман, кўнглим яримта.

 

*  *  *

Юртим, сендан юз ўгирди,

             Бор ҳақиқат, диёнат,

Бунда тарих қон йиғлади,

             Бунда ишонч омонат.

Ўз юртимда ўзга тилда,

             чулдирадим, во ажаб!

Мен энамни тушунмайман,

             Болам эса бир тараф!

Пахта эккан синглимдайин,

             қуриб борар Оролим,

Қурбим етмас, рангим сомон,

             каллакланган тут – ҳолим.

Бунда ёлғиз пул ҳокимидир,

             Гул ва ажал қўлида.

Ойбарчинлар кепавк баҳо,

             Зар ва либос куйида.

Фоҳишалар амалдордир,

             Фосиқлари нишондор,

Пушти куган Алпомишлар

             Иш излайди дарбадар!

Элим, сендан юз ўгирди,

бор ҳақиқат, диёнат,

Биров учун биров куймас,

садоқатга йўқ тоқат!

Савоб қайда, гуноҳ қайда,

             Гумроҳларинг бехабар,

Йўқ, муҳаббат! Ҳеч нарса йўқ,

бу дунёда мўтабар!

Бунда ёлғиз пул ҳокимдир,

Гул ва ажал қўлида,

Қўлидадир имконим ҳам,

             имоним ҳам қўлида!

Кунлар ўтар шу зайлда,

Дахшат ичра ботар кун,

Даҳшат ичра уйғонаман,

             ҳайратимга йўқ якун!

Ҳайратларим алам бўлар,

             зардоб бўлар, дард бўлар,

Бу дардларим бир кун мени

             Шоир қилар шеър қилар,

Шеър қилмаса ер қилар.

 

 

КЎРГАНМАН

 

Кўрганман шундайин одамин:

       Бирор ким кулса,

             қувнаса яйраб

       Ё ёйиб куйласа даврада,

       Ўтли шеърлар ёзса-ю

             ўқиса тўлиб,

       У қошин чимириб турганин.

 

Кўрганман шундайин одамин:

       Бирор ким бахтидан сўйласа,

       Ё ўзгалар дардида

 яшаса куйиниб,

       Ё китоб ўқибон йиғласа,

             Лабларин у буриб турганин.

 

Кўрганман шундайн одамни:

       Тўйларда мотамга келгандек,

       Мотамда-чи, ким қандай, йиғлашин

             Куйишин.

       Томоша қилганин атайин –

             Бир четда жилмайиб турганин.

 

Кўрганман шундайин одамни:

             Кўп қизиқ, во ажаб, негадир,

             Эслатар у менга ҳар доим,

             Гулламоқ бахтидан бенасиб,

             Баҳорда қуриган дарахтни.