Янгиланиш ва яшариш айёми — Наврўз муборак

    © gazeta.uz/UzA
    © gazeta.uz/UzA

    21 март куни қадимги Шарқ календари бўйича Янги кун, Янги йил кириб келди. Дунёнинг аксарият мамлакатларида Наврўзи олам кенг нишонланмоқда.

    Зотан, қиш заҳридан толиққан замин баҳор насимидан энтикади. Шарқираб оққан сувлар унга яна ҳаёт бахш этади. Дарахтлар сулув келинчаклардек бошига яшил гулчамбар тақади. Қиру адирларда майсалар бўй чўзади. Мусаффо осмон узра чарақлаб чиққан қуёш кўнгилларни-да ёриштириб юборади. Бу Наврўздан дарак, илиқликдан, тирикликдан дарак.

    Ўзбекистон Наврўз байрамининг марказий маросими 19 март куни  Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида ўтказилди. Унда сенаторлар, ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият, санъат, спорт намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, муҳтарам отахону онахонлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошларимиз, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг вакиллари ташриф буюрди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов меҳмонларни Наврўз байрами билан муборакбод этади.

    “Нима учун биз Наврўзни доимо соғиниб, интизорлик билан кутамиз? Нима учун бу сана барчамиз учун энг севимли, энг ардоқлайдиган байрамимизга айланиб қолган?”, деди Президент Ислом Каримов ўз табрик сўзида.

    «Бунинг сабаби, Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, турли мафкура ва сиёсатлардан холи, урф-одатларимизга ва қадриятларимизга жавоб берадиган байрам, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Нега деганда, Наврўз ўз руҳи ва ғоялари билан ҳар қайси инсон она заминнинг, табиатнинг ажралмас узвий қисми эканини, табиатнинг нақадар гўзал эканини ҳис қилиб, уни эъзозлаб, ҳамнафас бўлиб яшашга ундаши билан бизга қадрлидир», деди Президент.

    Мамлакат раҳбарининг фикрича, ҳар қандай ғараз, гиналар ва низолардан воз кечиб, тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш, аҳиллик ва бирдамлик, элатлар орасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик нақадар бебаҳо бойлик эканини улуғлаши, ўзининг даъватлари билан Наврўз байрами халқимизнинг қарашларига ғоят ҳамоҳангдир.

    Айни ана шундай чуқур мазмун ва маънога эга бўлгани туфайли, хосият ва файз, қут-барака ва мурувват каби хусусиятларни ўзида мужассам этиши билан кун ва тун тенг келадиган шарқона Янги йилимизни – бу гўзал баҳор айёмини барчамиз орзиқиб кутамиз, эъзозлаймиз, хурсандчилик билан умуммиллий байрам сифатида ўтказамиз.

    Ўзбекистон Президенти «…бугун халқимизга катта ҳурмат ва эҳтиром билдириб, шу гўзал майдонда Наврўз шодиёналаримизда иштирок этаётган чет мамлакатларнинг муҳтарам элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилларини, хорижий шерик ва ҳамкорларимизни, барча азиз меҳмонларимизни сизларнинг номингиздан, бутун халқимиз номидан қутлаб, уларга миннатдорчилик» билдирди.

    ©gazeta.uz/UzA
    ©gazeta.uz/UzA