Бугун дунёнинг аксарият мамлакатларида 8 март — халқаро хотин-қизлар куни кенг миқёсда нишонланди. Чунончи, Ўзбекистонда ҳам. Умуман, тарихчиларнинг айтишича, айнан 8 март куни ушбу байрамнинг нишонланишида ўзига хос маъно бор. Гап шундаки, 1857 йили илк маротаба 8 март куни “Кострюль марши” бўлиб ўтган. Ўшанда бир гуруҳ нью-йорклик тикувчилар тенг меҳнат шароитларини яратиш ҳамда ойлик маошни оширишни талаб қилиб кўчага чиқишади. Ўша пайтлардаги вазиятни кўз олдингизга келтириш учун шуни айтиш мумкинки, аёллар кунига 16 соат ишлар, эркакларга нисбатан уч баробар кам маош олар эди. У даврларда аёл ва эркакларнинг сиёсий тенглиги ҳақида гап кетмас эди.
Орадан 50 йил ўтиб, Нью-Йорк социал-демократик партияси ундови билан 1908 йил 8 март куни аёллар тенглиги бўйича митинг бўлиб ўтди. Ўшанда 1500 нафар аёл бутун шаҳарни айланиб, иш вақтини қиқартириш, эркаклар билан тенг ойлик тайинлаш масаласини илгари суришган. Бу митинг бундан ярим аср аввалги митингга жуда яқин бўлса-да, унда илк бор аёлларнинг сайлов ва сайланиш ҳуқуқи масаласи кўтарилади.
1909 йили АҚШ социалистик партияси февраль ойининг охирги якшанбасини миллий аёллар куни сифатида эълон қилди. Бу сана 1913 йилга қадар умуммиллий митинглар билан кенг нишонланар эди.
XX асрнинг бошларига келиб Европада ҳам аёллар ҳаракати анча жонланди. Чунончи, 1907 йилда Клара Цеткин бошчилигида Халқаро аёллар котибияти тузилиб, Роза Люкцембургнинг «Глайхайт» журнали бутун аёллар журнали, деб эълон қилинади. Ўша йилнинг 27 август куни Копенгагенда иккинчи халқаро социалистик аёллар конференцияси бўлиб ўтди. Айнан ўша мажлисда Клара Цеткин халқаро аёллар кунига асос солиш кераклигини таклиф қилади. Аммо бу куннинг мақсади байрам эмас, балки аёллар маршлари, митинглари ва намойишлари бўлиб хизмат қилиши керак эди. Айнан «кострюль марши» шарафига 8 март санаси таклиф қилинади.
Илк марта 1911 йилда 19 март куни Халқаро хотин-қизлар куни Германия, Австрия, Дания ва Швейцарияда кенг нишонланади. Чунки 1848 йили 19 март куни Пруссия қироли аёллар ҳуқуқига доир ислоҳотларни ваъда қилган эди. Аксарият мамлакатларда ушбу сана билан боғлиқ тадбирлар турли кунларда ўтказилар эди. Аммо 1914 йили 8 март куни халқаро аёллар куни сифатида қайд этилади.
Халқаро хотин-қизлар куни байрам ва дам олиш куни сифатида илк маротаба 1965 йили собиқ Иттифоқда жорий этилади. Ўшандан бери бу айём сиёсий тус олиб, нафақат аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, балки аёлларни қадрлаш куни сифатида ҳам тарихга кирди.
1975 йилдан эътиборан эса БМТ доирасида 8 март халқаро хотин-қизлар куни сифатида нишоналан бошланди. 1977 йили БМТ Бош ассамблеяси йилнинг истаган кунини аёллар куни сифатида нишонлашни таклиф қилди.
Бугунги кунда Арманистон, Афғонистон, Белорусь, Буркина Фасо, Озарбойжон, Вьетнам, Гвинея-Бисау, Грузия, Замбия, Қозоғистон, Камбоджо, Қирғизистон, Кирибати, Хитой, Коста-Рика, Куба, Лаос, Мадагаскар, Молдова, Монголия, Непал, Россия, Сербия, Тожикистон, Туркманистон, Уганда, Ўзбекистон, Украина, Хорватия, Черногория, Эритрия, Латвияда халқаро хотин- қизлар куни расман нишонланади.