Ироқ: Саддамсиз 10 йил. Сарфланган маблағ мотами ва унутилган қурбонлар

iraq-war-games

Ироқда Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдаришга қаратилган уруш очилганига ҳам 10 йил тўлди. Бу уруш қиймати, оқибатлари ҳақида гапириш бугун гўё маъносиздек туюлади. Ҳар куни мамлакатнинг у ёки бу нуқтасида юз бериб турган портлашлар, террористик ҳужумларнинг йилдан-йилга кўпайиб, қолаверса, диний ва миллатлараро зиддиятларнинг кучайиб бораётгани Ироқ уруши энг адолатсиз урушлардан эканлигини намоён этади. Бугун Ироқда на оммавий қирғин қуроллари, на бошқа тақиқланган воситалар борлиги исбот талаб қилиб бўлмайдиган ҳақиқатга айланган.

Бу уруш дунёда манфаат йўлида айрим давлатлар гегемонлиги жаҳон мамлакатлари тараққиёти учун катта хавф эканлигини кўрсатди. Ироққа минглаб аскар олиб кирган ҳамда ушбу мамлакатда бутун инфратузилмани ишдан чиқариб юборган АҚШ ушбу давлатни тиклашни ўзининг “маънавий вазифаси” деб эълон қилди.

Ўтган давр мобайнида ушбу мақсадда Америка давлат бюджетидан 60 миллиард доллар миқдорида маблағ йўналтирилган (Ғарб нефть компаниялари фаолияти ҳақида бирор фикр билдиришдан тийиламиз). Умуман, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилгандан бери Ироқни тиклаш ишларига АҚШ томонидан 90 миллиард йўналтирилган.

Аммо сарфланган ана шу 60 миллиард доллар мамлакатдаги вазиятни етарли даражада ўзгартирди, дейишга тил бормайди. АҚШ конгресси учун Ироқни тиклаш бўйича инспектор Стюарт Боюэн томонидан тайёрланган ҳисоботда келтирилишича, ушбу маблағлардан 8 миллиард доллари ҳавога совурилган. Бунга сабаб Ироқда шаклланган коррупция ва хавфсизликнинг бутунлай издан чиққанидир.

Умуман, АҚШ томонидан олиб борилган 8 йиллик ҳарбий кампания америкаликларга 800 миллиард долларга тушди. Ушбу урушда 5 минг нафардан ортиқ америкалик ҳарбий аскар ҳалок бўлди. 100 минг нафардан ортиқ ироқликлар бу урушнинг қурбонига айланишди. Энг ёмони, бу урушга ҳали ҳамон нуқта қўйилгани йўқ.

Стюарт Боуэн томонидан тайёрланган ҳисобот Ироқда олиб борилган юзлаб тафтиш ва текширувлар йиғиндиси, шунингдек, икки давлатдаги кўплаб амалдорлар билан мулоқотлар натижаси ҳисобланади.

Чунончи, Ироқ бош вазири Нури Маликнинг айтишича, АҚШ томонидан йўналтирилган маблағларнинг бир қисми “нооқилона сарфланган”.  Унинг фикрига кўра, аслида мазкур тиклаш ишлари учун юборилган маблағлар Ироқда кўзда тутилганидан ҳам кўрпоқ ўзгаришлар ясаши мумкин эди.

Ироқ парламенти спикери Осама Ружафийнинг айтишича, Ироқни тиклаш бўйича олиб борилган ишлар, умуман, ҳеч қандай самарага олиб келмаган.

Курдлар вакили Қубод Толобонийнинг фикрлашича, “Барча муаммоларни маблағ билан ҳал қилиб бўлади, деб ўйлаш хом фикрлашдир”.

Америка конгресси вакиллари ҳисоботнинг хулосаларидан даҳшатга тушганликларини яшириб ўтиришмади. Хусусан, Сенатнинг халқаро алоқалар масалалари қўмитасидаги республикачилар партиясининг кўзга кўринган вакилларидан бири Боб Коркер ҳисобот натижаларини “даҳшатли”, деб баҳолаб, бундан тегишли хулоса чиқаришга ундаган. Муҳими, бу хатоларнинг Афғонистонда такрорланишига йўл қўймаслик керак, деди у.

Умуман, Ироқ ва бошқа Яқин Шарқ мамлакатларида юз берган воқеа-ҳодисалар, ташқи кучларнинг ушбу мамлакатлардаги режимларни ўзгартиришга уриниши истиқболда дунёдаги гегемон кучларнинг нисбатини тўғри сақлаш ҳамда ўзаро тийиб туриш принципини таъминлаш заруратини кўрсатади. Масалан, Хитой ва Россия Ғарб экспансияси учун яхшигина тўсиқ бўлиши мумкин. Бу икки давлат БМТ Хавфсизлик кенгаши орқали қабул қилинаётган ҳужжатларнинг турлича талқин қилинишига йўл қўймаслигига эришиш ва мажбуриятларни аниқ белгилаб олиш кераклиги кўрсатади.

Яна бир муҳим жиҳат, Ғарб мамлакатларининг хатти-ҳаракатлари билан демократия, инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлигини олиб кириши мумкинлиги ҳақидаги ёлғон ваъдаларини англаб етиш керак. Бу демократия охир-оқибат динлараро, миллатаро зиддиятларни кучайтириб, қон тўкилишига олиб келаётганини унутмаслик керак.

Энг ёмони, катта иқтисодий ва минерал захиралари бўлишига қарамасдан уларда иқтисодий ва ижтимоий инфратузилмалар ишдан чиққанлиги боис ташқи маблағларга қарамлиги ортмоқда. Бу, шубҳасиз, мустақил иқтисодиётни шакллантириш ва мамлакатни оёққа турғизишга ҳалақит бериши билан бир қаторда, коррупциянинг илдиз отишига олиб келади.