“МТС—Ўзбекистон” “умрини” узайтиришди

mts

Тошкент шаҳар хўжалик суди “Ўздунробита” МЧЖ кредиторларининг компанияни банкрот, деб топиш ва уни тугатиш билан боғлиқ ишни очиш ҳақида мурожаатини рад қилди. Бу ҳақда ComNews сайти хабар тарқатди.

“Тошкент шаҳар хўжалик суди “Ўздунробита” ХК МЧЖ акциядорлари йиғилишининг компанияни тугатиш ҳақидаги қарорини ноқонуний, деб топиб, бу борада тақдим этилган тегишли мурожаатни рад этган. Бу борадаги суд қарорини қўлга олганимиздан сўнг, вазият ойдинлашади”, деган “МТС” компанияси вакили Ирина Агаркова. Унга кўра, ҳозирги кунда компаниянинг банкротлиги ҳақидаги иш шу йилнинг 22 апрелига кўчирилган.

Ҳуқуқшуносларнинг қайд этишича, суднинг мурожаатни қаноатлантиришни рад қилиши кредиторларнинг биринчи йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўказиш жараёнидаги қоидабузарликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин ёки барча тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида “Ўздунробита” МЧЖ ХК Тошкент шаҳар хўжалик судига банкротлик тўғрисида ариза билан мурожаат қилган.

Компаниянинг бундай қарорга келишига Россиянинг “МТС” компаниясининг тўлиқ шўъба корхонаси бўлмиш “Ўздунробита” ҳисоб-рақамларига пул маблағларининг тугаганлиги сабаб бўлган. Гап шундаки, жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция ҳайъатининг қарори билан саккиз ой давомида Ўзбекистон бюджетига 600 миллион АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши керак эди.

Аммо компания ҳисоб-китобларида бор-йўғи 180 миллион доллар маблағ бўлиб, музлатиб қўйилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу маблағнинг 150 миллион доллари жарима учун ундириб олинган. Куни кеча компания ҳисоб-рақамида маблағ йўқлиги боис ўзини банкрот, деб эълон қилиш учун мурожаат қилган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, банкротлик иши хўжалик суди томонидан шу мазмундаги ариза қабул қилинган кундан бошлаб 3 ой муддатда кўриб чиқилади. Баъзи истисно ҳолатларда иш икки ойда ҳам тугатилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили компанияга Ўзбекистон қонунчилиги талаблари бузилганлиги туфайли жиноий иш очилиб, “МТС-Ўзбекистон” лицензиялари бекор қилинган эди.