Ўзбекистон президенти Россияга ташриф буюради

    rossiya-uzbekistan-p

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов шу йилнинг 15 апрель куни расмий ташриф билан Россия Федерацияга боради. “Независимая газета”нинг Ўзбекистон элчихонасига таяниб, хабар беришича, Ислом Каримов Россия президенти Владимир Путин билан Афғонистонда халқаро кучларнинг чиқиб кетиши муносабати билан минтақада хавфсизликни таъминлаш ҳамда бу борада позицияларни аниқлаштириб олиш масалаларини кўриб чиқади. Газетанинг ёзишича, томонлар шунингдек, Марказий Осиёда трансчегаравий дарёлар сувларидан фойдаланиш масаласи ҳам муҳокама этиши кутилмоқда.

    Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига оид шартномалар имзоланган бўлиб, икки давлат ўртасидаги товар айланмаси йиллик 7 миллиард долларга етади.

    Бўлажак ташриф чоғида бир қатор иқтисодий соҳадаги ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Чунончи, инвестицияни ўзаро муҳофаза қилиш ҳақидаги битим шулар жумласидандир. Ташриф доирасида 2013-2014 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро ҳамкорлик дастури тасдиқланиши кутилмоқда.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, келгуси йилда Афғонистонда фаолият юритаётган халқаро кучлар олиб чиқиб кетилади. Боз устига минтақада халқаро террористик гуруҳлар анча фаоллашиб қолишди. Шу боис Ўзбекистон ва Россия Федерацияси билан бу борада ўзаро позицияларни аниқлаштириб олиши кутилмоқда.