Ўзбекистон тоғли ҳудудларида кучли сел хавфи мавжуд

1158543337

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида сел хавфи ортмоқда. Чунончи, Навоий вилоятининг тоғли туманларида баҳорнинг илк ойи жуда серёғин келгани боис сел ҳосил бўлиш эҳтимоли ошган.

Навоий вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув хизмати бошлиғи Еркин Жабекбаевнинг 12news.uz сайтига берган интервьюсида келтирилишича, вилоятнинг Нурота, Хатирчи, Навбаҳор туманларида сел ва кўчкилар ҳосил бўлиш хавфи юқори. Ўзбекистонда сел хавфи март ойидан июль ойига қадар сақланиб туради.

Шу кунларда сел ва кучки хавфи юқори бўлган ҳудудларда бундай табиий офатлар оқибатларини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Тегишли идоралар ҳамкорлигида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, шунингдек, тегишл хавфли ҳудудларда жойлашган уй-жойлар ва бошқа объектлар мустаҳкамлиги текшириб чиқилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Навоий вилояти масъулининг сўзларига кўра, давлат тузилмалари билан бир қаторда, аҳолининг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш жуда муҳимдир. Чунки кўпчилик сел хавфига етарлича эътибор бермасдан, тегишли объектларни қуриши, уни тегишли идоралар билан келишмаслиги оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ўтган йили 21-22 апрель кунлари кучли ёмғир ёғиши натижасида Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида сел кузатилган. Қашқадарё, Жиззах вилоятларининг баъзи туманларида сув тошқинлари юз берган.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида жойлашган бир қатор қишлоқлар сув остида қолган. Шаҳрисабз туман фавқулодда ҳолатлар бошқармаси вакилининг kun.uz сайтига берган маълумотларига кўра, бир неча ҳовлига сел келган, аҳолига барча керакли ёрдам кўрсатилган. Шунингдэк, вилоятнинг Китоб туманида ҳам сел кузатилиб, сув бир неча машинани оқизиб кетган. Аҳолидан ҳеч ким жабр кўрмаган.

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Бахмал туманида ҳам кучли ёмғир натижасида сел юз бериб, бир неча қишлоқни сув босган. Вазирлар Маҳкамаси 2012 4 апрель куни имзолаган “Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, табиий офат натижасида зарар кўрган 234та уй-жой эгаларига имтиёзли нархларда қурилиш материалларини харид қилиш учун 2,09 миллиард сўм ажратиш белгиланган.