Ўзбекистон сил касаллигига чалинганлар 33,2 фоизга камайди

    000000011664

    Ўзбекистонда (2003 — 2012) сил билан касалланиш 33,2 фоизга, ўлим кўрсаткчилари эса 60 фоизга камайди.

    “Дунё бўйича сил билан касалланганларни даволаш самарадорлиги 85 ташкил қилади. Мамлакатимизда эса ушбу кўрсаткич 87 фоизгача ўсди”, дейилади вазирлик матбуот хизмати тарқатган хабарда.

    Вазирлар Маҳкамасининг “2011-2015 йилларда Ўзбекистонда сил билан касалланиш даражасини пасайтириш бўйича чора-тадбирлар хақида”ги қарорига биноан, ушбу йўналишда хизмат кўрсатадиган тиббий муассасалар моддий техника базасини мустаҳкамлаш борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.

    Худди шу мақсадларда 2011 йилда Республика фтизиатрия ва пульмонология махсус  тиббиёт марказида  капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

    Матбуот хизмати хабарида келтирилишича, авваллари сил билан касалланганлар  стационар тарзда 8-10 ой муддат даволанган бўлса, айни дамда даволашнинг ушбу босқичи ўртача 60 кунни ташкил қилади.

    Республика фтизиатрия ва пульмонология махсус  тиббиёт Маркази мутахассисларининг касалликни даволашда замонавий даво муолажалари ҳамда юқори технологик жарроҳлик аралашувларини қўллаётганликлари шунга имконият яратмоқда.

    Ўзбекистонда сил касаллигига қарши Давлат дастури миллий бюджет ҳисобидан ҳам молиялаштирилади. 2005 йилдан эътиборан барча сил касаллари бепул ташхисдан ўтиб,  даволанади, аниқланган касаллар эса қимматбаҳо дори воситалари билан даволана бошлайдилар.