Ўзбекистонда сил касаллигига чалинганларни мажбурий даволашни суд ҳал қилади

    fs1

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари бир қатор қонунчилик ташаббусларини илгари суришди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар тарқатди. Чунончи, депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексигаетгишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишмоқда. Ҳужжат болаларни фарзандликка олиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишнинг суд тартиби белгиланишини назарда тутади. Депутатларнинг таъкидлашича, таклиф этилаётган янгилик болалар ва фарзандликка олувчилар ҳуқуқларининг суд томонидан ҳимоя қилинишини таъминлашга, фарзандликка олиш сири сақланишига ва қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олишга қаратилган.

    Депутатлар, шунингдек, ёш авлоднинг саломатлигини таъминлашга, эрта никоҳга киришнинг салбий оқибатлари олдини олишга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Хусусан, қонун лойиҳаси билан Оила кодексига, Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга никоҳ ёшини белгиланган тартибда қисқартириш учун асос бўладиган узрли сабаблар рўйхатини аниқлаштиришни, шунингдек, никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

    Парламент қуйи палатасининг вакиллари сил касаллигининг олдини олиш ва даволаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқдилар. Жумладан, қонун лойиҳаси билан сил касаллигининг юқумли шаклига чалинган беморларни мажбурий даволанишга ётқизишнинг суд тартибини белгилаш назарда тутилмоқда. Депутатларнинг фикрича, таклиф этилаётган тартиб фуқаролар соғлиғи муҳофаза қилинишини таъминлашга, шунингдек, мамлакатимизда сил касаллигига қарши кураш самарадорлигини оширишга кўмаклашади.